Телефонлар:
(0372) 472-24-20
(0372) 472-24-20
» » Ёрқин шаҳарчасидаги ёрқин лаҳзалар

Ёрқин шаҳарчасидаги ёрқин лаҳзалар

22 январь 2019 йил
346
0

"Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида Зафаробод туманининг Ёрқин шаҳарчаси ўзгача қиёфа касб этди. Ободлик эпкинларидан кўнгиллар ёришди. Шу сабаб ҳам ёрқинликлар бунёдкорлик ишларида, ҳашарда ташаббус кўрсатишди.

Ёрқин шаҳарчасида 8500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Дастур доирасида 884 та турар жойнинг кадастр ҳужжати расмийлаштирилди. 300 та якка тартибдаги, 17 та кўп қаватли уйлар таъмирланди. 3 километр пиёдалар йўлаклари, уйларнинг кириш ва фасад қисмлари тартибга келтирилди. Кўп қаватли турар жойларнинг том қисмининг шиферлари, эшик, деразалар замонавий ромларга алмаштирилди. Уйларга яқин туташ жойларда  7 та тандирхона қурилди. Кўчаларга 76 та тежамкор чироқлар ўрнатилди. 140 квадрат метр майдонга мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. Ҳудудда 4 та болалар майдончаси, 5 та иссиқхона ташкил этилди.

Шаҳарчадаги 8 та ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди. 3,8 километрлик ичимлик суви тармоҳи тортилиб, 3 та сув насоси ишга туширилди. 2,5 километр ирригация, 1,1 километр мелиорация тармоқлари тозаланди. 2 та трансформатор пункти, 3 километр электр узатиш тармоғи мукаммал таъмирдан чиқарилди. -2,-16 мактабларда таъмирлаш ишлари изчил давом этаяпти.

Ёрқин шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида 12 та маиший хизмат шоҳобчалари, жумладан, ҳаммом, сартарошхона,гўзаллик салони, мини маркет аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Сардор Қозоқбоев бошчилик қиладиган “Шоҳжаҳон оби нонлари” оилавий корхонасининг ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Қисқа фурсатда фойдаланишга топширилган корхонада бўрсилдоқ нонлар тайёрланиб, пешма-пеш сотувга чиқарилаяпти. Тадбиркорга турмуш ўртоғи Раънохон ёрдам бераяпти. Қозоқбоевлар корхона фаолиятини кенгайтириш мақсадида нон маҳсулотлари тури ва ишлаб чиқариш қувватини оширишни режалаштирган.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳудуддаги 4-сон “Гўзал” мактабгача таълим муассасаси ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилди. 2 та қисқа муддатли гуруҳ билан қўшиб ҳисоблаганда 170 ўринли таълим масканида кичкинтойлар учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Ўтган шанба куни Ёрқин шаҳарчасида “Саодат” тикувчилик цехининг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.  Кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган байрам тадбирида сўзга чиққан туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев, вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитасининг раиси Назира Мухторовалар мамлакатимизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури, аҳолининг ижтимоий ҳимояси борасида амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти ва галдаги вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтишди. Тадбирда туман ҳокими эҳтиёжманд, кам таъминланган 3 та оилага уйга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар ва ҳомийларнинг совғаларини топширди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар тикувчилик цехи фаолияти билан яқиндан танишдилар. Тадбиркор Саодат Ҳалимова агробанкдан 150 миллион сўм кредит олиб, тикувчилик цехини ташкил этди. Энг асосийси ишсиз юрган 64 нафар қишлоқ хотин-қизлари эндиликда замонавий “JUITA” тикув дастгоҳларини бошқаришмоқда. Цехда аҳолининг буюртмаси асосида кўрпа ва ёстиқ жилдлари, эркаклар ички кийимлари, енгил устки кийим-кичаклар тикиб, тайёрланмоқда.

—Мақсадим яна 30-40 нафар аёлларни бандлигини таъминлаш,—дейди тадбиркор Саодат Ҳалимова. Ниятлари улкан ташаббускор опа маҳалласида томат ишлаб чиқариш цехини очиш лойиҳасини амалга оширмоқчи.

Зафаробод тумани ҳокими ва сектор раҳбарлари шу куни Ёрқин шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидаги Саъдий Шерозий кўчасида истиқомат қилувчи ногиронлар Мусо Ражабов ва Анора Ортиқбоевалар хонадонига ташриф буюришди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари топширилди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида Ёрқин шаҳарчасида ҳозиргача 10 миллиард 564 миллион сўмлик маблағ йўналтирилди. 222 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Айни пайтда ҳудудда ободонлаштириш ишлари давом этаяпти. Ёрқинликлар турмушидаги ёрқин лаҳзаларга ҳали кўп бор гувоҳ бўламиз.

Зоир ЭРГАШЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар