Коррупция ва миллий тараққиёт: муаммо ва ечим.
Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳлари кундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда.
Коррупция жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этади. Фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишига сабаб бўлади.
Коррупция - чегара билмас “аждаҳо”, у алдамчилик, порахўрлик ва пулни “ювиш”нинг аниқ “чизма” (схема)ларидан ташкил топган.
2021 йилда Коррупцияни англаш индекси бўйича Эстония 15-ўринни, Грузия -48, Беларус -82, Қозоғистон -103, Тожикистон - 153, Ўзбекистон 143-ўринни эгаллаган.
Кўплаб экспертлар “яширин иқтисодиёт” ҳисобга олинганда, ўртадаги ҳақиқий тафовут 25 - 40 маротаба эканлигини қайд этмоқда. Ҳозирги кунда яшаш минимумидан паст даражада кун кечираётган камбағал аҳоли 15 фоиздир. Бу масалада 2019 йилдан бошлаб катта силжиш кузатилган, ҳатто бутун бир вазирлик ишлаётган бўлса-да, ўртадаги фарқнинг кучайиб бориши жамият қатламларида турли фикрларни пайдо қилиши мумкин.
Миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган коррупцияни бартараф этиш йўлида дадил қадамлар ташланмоқда. Энг асосийси, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бунга қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.
Сингапурда пора олишдан бош тортган амалдорларга мукофотлар тарқатилади. Япония давлат сектори ходимларининг виждонлилиги баҳолаб борилади.
Хуллас, давлат органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни жорий этиш, аҳолининг коррупцияга қарши қарашларини шакллантириш бўйича халқаро тажрибалар ҳеч қачон зарар қилмаган.
Японлар ҳам, хитойликлар ҳам, сингапурликлар ҳам халқ руҳиятини сақлаб қолиш, диний қадриятларни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик мафкурасини онгга сингдириш орқали миллий тараққиётга эришди. Биз ҳам шу нурли йўлдан юришга муносиб халқмиз. Мухтасар айтганда, коррупция - тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.
Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман судининг раиси Ж.Бахронов