Телефонлар:
(0372) 472-24-20
(0372) 472-24-20
» » Зафаробод туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларига М У Р О Ж А А Т И

Зафаробод туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларига М У Р О Ж А А Т И

16 апрель 2024 йил
82
0

Ҳурматли ва азиз фермерлар, деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгалари!

Бугун мамлакатимиз миқёсида муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизни Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Инсон қадрини улуғлаш ғоялари атрофида бирлаштирди.

Она табиатни асраш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Азал-азалдан кўчат эккан, боғ яратган инсонларга халқимиз алоҳида эҳтиром билан қараб, улуғлаб келади.

Кўчат экиш, гулу-ниҳолларни кўпайтириш бу мусаффолик, экологик муҳит софлиги ҳамда она табиатга ғамхўрлик ва инсонийликнинг юксак намунасидир!

Энг муҳими, шу тоза ҳаводан ўзингиз, оила аъзоларингиз, борингки келажакда невара-эвараларингиз нафас олади. Ёнига фарзанди, невараларини олиб кўчат эккан ҳамюртимиз уларга ибрат бўлади, бу қадриятнинг давомли булишини таъминлайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Демак, халқимизнинг ибратли ўтиши ўзимиз яшаётган муҳитда табиатга оқилона муносабатда бўлиб, уни асраб авайлаш, келгуси авлодлар ҳам яшаши учун қулай макон барпо этишга ундайди.

Айни чоғда боғлар, кўчалар ҳамда йўл четларида яшнаб турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк улашиши баробарида ҳаво мусаффолигини таъминлаб, дастурхонимизни мевалар билан тўлдиради.

Дарахтларга меҳр бериш, уларни парваришлаш энг эзгу ва хайрли амал саналади. Кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган фарзандга атаб ерга ниҳол қадаган. Ўша дарахт билан бирга фарзанд ҳам улғайган.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида берган кўрсатмалари ана шундай эзгулик йўлидаги жуда ҳам муҳим ташаббусдир.

Президентимиз раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2024 йил баҳор мавсумидаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда бу борадаги ишларни кенгайтириб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида 788.0 минг дона дарахт экиш вазифаси белгилаб берилди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан “Менинг боғим” лойиҳасини ишга тушириш зарурлигини, жойларда 1та хоким боги ва 1 та жамоат паркларини ташкил қилишга кўрсатма берилди.

Президентимиз таъкидлаганларидек “Яшил макон” виждонимиз, бўлажак ҳаётимиз, фарзандларимиз олдидаги маъсулиятимиздир.

 

Қайд этиш керакки, ўтган йили куз ва жорий йилнинг баҳор ойларида маҳаллаларда, фермер ва деҳқонларимиз далалари четларига ва аҳоли томорқаларида 7.8 миллиондан зиёд кўчат экилди. Албатта, бу савобли ишларда кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик қатори Сиз меҳнаткаш деҳқон ва фермерларимизнинг ҳам муносиб улуши бор.

 

Ҳурматли фермерлар!

 

Жорий йил баҳор мавсумида Сиз ҳам далангиз четидаги бўш ерларга тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экиб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссангизни қўшинг.

Бунинг учун ҳар бирингиз ўз ер майдонларингизнинг дала четларида камида 1000 донадан кўчат эксангиз, юртимиз яшиллик оламига ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Меҳнаткаш деҳқонлар!

 

Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида қарорлари билан жорий йилдан бошлаб пахта-ғалладан бўшаган майдонлардан деҳқон хўжаликлари учун ер ажратилиб, Сизлар шу йилдан бошлаб бу ерлардан даромад олишни бошладингиз.

 Сизлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланган ҳолда “Бир контур-бир маҳсулот” тамойилини амалга ошириш доирасида дала четига ва кўча бошига  тут, ток ва бошқа кўчатларини экишни ташкил этишга чақирамиз.

Муҳтарам томорқачилар!

 

Туманда 10 та маҳалла фуқаро йиғинларида 5391 дан зиёд томорқа ер эгалари фаолият юритади. Агар ҳар бир томорқачи ўз томорқасига, кўча бошига камида 10 тупдан кўчат экса, туман бўйича 53 минг тупдан зиёд кўчат экилади. Бундай саховатпешалик билан қилинган ишларингиз таҳсинга сазовор бўлади!

Сизларга тут, ток ва бошқа кўчатлар керак бўлса ҳар бир маҳаллада ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖларга ёки туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига мурожаат этишингиз мумкин.

Айни пайтда Республика Кенгаш ҳузуридаги “Қува илмий ишлаб чиқариш” марказида 3800 мингдан зиёд ток, тут ва бошқа мевали дарахт кўчатлари заҳираси яратилган, ушбу кўчатларни харид қилиб, томорқангизга ва кўча бошларига экиб обод қилишга чақирамиз.

 

Ҳурматли ва азиз фермерлар, деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгалари!

 

Сизларни ҳурматли Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида фаол иштирок этиб тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экишга чақирамиз!

Бу билан сиз халқимизга хос эзгу фазилатларга ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз! Зеро, нафақат ҳовли ва уйларимиз мана шу, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодалиги ва кўркамлигига барчамиз масъулмиз.

 

Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик!

 

Сизларга чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан,

 

Зафаробод   туман фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси                                                                    Х.Исматов

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар