Телефонлар:
(0372) 472-24-20
(0372) 472-24-20
» » Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони

08 июль 2024 йил
211
0

Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида адолатни янада юзага чиқариш, шу орқали ҳамюртларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур Фармон асосидаги энг муҳим янгилик шуки, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Натижада тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласини кўриб чиқади. Тергов судьяси берган санкциялар фақатгина вилоятлар ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция инстанциясида якка тартибда қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Бундан ташқари, тергов судьялари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлади. Улар кўриб чиққан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар эса амалдаги тартиб бўйича юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, тергов судьяси санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳал қилади.

Шу ўринда тергов судьяси кўриб чиқадиган санкциялар тоифасига эътибор қаратсак. Улар қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш билан боғлиқ, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномалардир.

Мажбурлов чоралари эса айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномалардан иборат.

Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ҳамда фақат қонунга бўйсунади. Унга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилиш таъқиқланади.

Тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Вилоятлар ва унга тенглаштирилган судлар раислари тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик қилади. Энг муҳими, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

 

Жиноят ишлари бўйича

Зафаробод туман судининг раиси Ж.Бахронов

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар