Болалар меҳнатига барҳам бериш уларнинг соғлом ва баркамол вояга етишининг гаровидир
БМТ Бош Ассамблеяси 2021 йилни Бола меҳнатига қарши курашиш йили деб эълон қилди. Шунингдек, мамлакатлар болалар меҳнатини тақиқлаш ва бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ва амалий қадамларни қўйиш мажбуриятини ўз бўйнига олди. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида 2030 йилга қадар бутун жаҳонда бола меҳнатининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича вазифалар белгиланди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганининг илк йилларидан бошлаб бола ҳуқуқларини таъминлаш диққат марказда турди. Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган дастлабки конвенциялардан бири — бу Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция эди. Мазкур конвенция инсоният тарихида болалар ҳуқуқлари соҳасидаги илк мажбурий халқаро ҳуқуқий шартнома бўлиб, Бола ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конституцияси номи билан эътироф этилади. Конвенция болаларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги шафқатсиз муомалани, экплуатацияни ва камситишни тақиқлайди.
Ўзбекистон мазкур конвенция билан белгиланган барча халқаро стандартларни ўз миллий қонунчилигига жорий қилди, болалар меҳнатини бартараф этиш бўйича барча халқаро шартномаларга қўшилди. 2008 йилда “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Энг кичик ёш тўғрисидаги ва Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш ва тақиқлашга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги халқаро шартномалар ратификация қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарори билан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 30 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига сайлангандан кейин мажбурий ва болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига қарши курашиш давлатнинг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Аҳолисининг 40 фоизини болалар ташкил қилган Ўзбекистон учун бу вазифа принципиал аҳамиятга эга эди. Президентимиз 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш чоралари кўрилиши тўғрисида гапирди. Шунингдек, 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш устуворлигини яна бир бор таъкидлади.
2018 йил АҚШ Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштириладиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди. 2020 йил 30 сентябрда АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатлар муваффақиятга эришганлигини эътироф этди.
2021 йил 27 январда “Коттон Компейн” халқаро каолицияси ўз расмий веб-сайтида “Ўзбек пахтачилигида ўзгараётган манзара” сарлавҳасида Ўзбекистонда 2020 йилги пахта йиғим терими мавсуми давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар ўз самарасини берганини эътироф этди.
2020 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан мустақил жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликда “Учинчи томон мониторинги” ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, халқаро экспертлар 2019-2020 йиллардаги пахта йиғим-терими давомида болалар меҳнатидан умуман фойдаланмаганлиги тўғрисидаги қатъий хулосаларини эълон қилди.
Жиззах вилоят суди судьяси Н.Эрназаров
Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман раиси Ж.Бахронов