ЁШЛАРНИ МАФКУРАВИЙ ТАҲДИДЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ МАСАЛАЛАРИ
Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замон жамиятимизни янгилаш, мамлакатимизни модернизация қилиш билан боғлиқ ҳаётнинг ўзи қўйган янги ва янги вазифаларни амалга оширишни тақозо этмоқда. Хусусан, ёшлар тарбиясининг муҳим бўғини - миллий ғояни шакллантириш ва ҳозирги замон мафкуравий таҳдидларига қарши курашиш бўйича назарий, фундаментал дунё қарашни мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартириш, экстремизм, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишдек кўринишларда содир бўлмоқда
Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган бу каби вайронкор мақсадларни ўзида мужассам этган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.
Кейинги пайтларда интернет билан боғлик бузғунчиликлар, глобал тармокдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда.
Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади.
Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлаб, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.
Бугунги шиддатли глобаллашув даврида ёшлар онгу шуурини интернет орқали кириб келаётган зарарли ғоя ва таъсирлардан самарали ва ишончли ҳимоялаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу эса ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, ота-оналардан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни, ёш авлоднинг ғоявий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни талаб қилади. Бизга маълумки, кўплаб сайт ва тармоқлар катта маблағлар эвазига фильтрлаб қўйилган ва бу ҳолатни кўплаб давлатларда кузатиш мумкин. Албатта, тақиқлар ёки фильтр воситалари орқали одамларни Интернет оламидаги турли кучларнинг хатарли таҳдидларидан, кераксиз ва салбий ахборотлардан сақлаш кийин ва фақатгина вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкин. Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ юзага келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз керак
Таассуфки, бугун ёшларимизнинг аксарияти глобаллашув туфайли Европа ва хорижий маънавий-маданий оқимлар таъсирига кўпроқ иштиёқманд бўлиб, миллий маънавиятимизнинг ҳаётбахш, юксак ахлоқийликка асосланган тамойилларга ихлосмандлиги суст кечмокда. Инсон қадри, масъулияти, ахлоқига беписандлик баъзи ёшларнинг кийиниши, феъл-атвори, юриш-туришида яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Бизнинг назаримизда инсон қадрияти унинг ахлоқийликка йўналгани билан белгиланиши керак. Дархақиқат, бугун ахборот чунонам кўп ва тез кириб келаяптики уларни «ҳазм» қилиш учун теран тафаккур ва кенг дунёкараш талаб этилади. Айникса интернет олами фарзандларимиз эътибори ва қизиқишини тортиб бораётган бугунги даврда айрим компьютер ўйинлари ҳақида ҳам шундай мисолларни келтириш мумкин. Мутахассислар маълумотларига кўра, интернет орқали таркатиладиган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса ўйин қаҳрамони ўз максадига етишиш учун шундай зўравонлик ва ёвузлик содир этади. 17 фоиз ўйинларда ана шу зўравонлик ва ёвузликнинг ўзи бош максад ҳисобланади. Турли жанговар, менталитетимизга мос бўлмаган, баъзан қаҳрамонлик ваҳшийликка ўтиб кетадиган бу каби ўйинлар фарзандларимиз ахлоқий-эстетик тарбиясига тўғри таъсир кўрсата олади дея олмаймиз. Бир қарашда улар оддий ўйиндек кўрингани билан зўравонлик ғоялари, ёвузлик кайфиятини уйғотиши жуда кўп салбий окибатларга олиб келгани хусусида ҳаётий мисоллар кўплаб топилади.
Интернет сайтларида ёшларга кучли таъсир этувчи ахборотларни қуйидагича таснифлаш мумкин.
1 – тоифадаги ахборотлар сирасига ёт, бузғунчи ғоялар, экстремизм ва террорчилик ғоялари, миллатчилик, ирқчилик.
2 – тоифадаги ахборотлар эса ғарб ҳаёт тарзига хос, ўзбек менталитетига зид одатлар ва кўникмаларни тарғиб этади. Бу айниқса, ғарб ёшларининг кийиниши, одатларини тарғиб қилувчи мақолалар, клиплар, фильмларда яққол намоён бўлади.
3 – тоифага эса порнографик ахборотларни киритиш мумкин.
4 – тоифага эса ҳали текширилмаган, ўз исботига эга бўлмаган турли ҳужумкор ахборотлар.[1]
Интернет сайтларидан тарқатилаётган бу каби ёт ғоялар ва ахборотларни ёшлар томонидан қабул килинаётганлиги ва унинг оқибатлари жаҳондаги барча мамлакатлари халқини ҳам ташвишга солмокда.
Ёшларимиз онгини эгаллашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга, миллий манфаатларимизга рахна солишга, маънавиятимизга тажовуз қилишга, умримиз мазмуни бўлган тарихий хотирамизни бузишга уринаётган ғаразли кучларга қарши доимо огоҳ туришимиз даркор. Ана шундагина бизни ҳеч ким, ҳеч нарса ўз танлаган йўлимиздан ортга қайтара олмайди ва биз кўзлаган улуғвор мақсадларимизга албатта етамиз.
Исроилова Ҳуррият Ахроровна
Республика Маънавият ва маърифат маркази Зафаробод туман бўлинмаси раҳбари