Тил – миллатнинг маънавий бойлиги
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрь кунги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сонли Фармони ўзбек тилининг қадр-қиммати ва мавқеини оширишга хизмат қилди десак муболаға бўлмаса керак.
Aйниқса, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи бу борадаги саъй-ҳаракатларга кенг йўл очиб, ўзбек тилининг нафақат республикамиздаги, балки жаҳондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ватанимиз мустақилликка эришгач она тилимиз ўзининг хақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми хуқуқий жиҳатдан мустахкамлаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги Қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Истиқлол шарофати билан тилимизга, унинг сайқал топишига эътибор янада ортди. Тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрь кунги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6084-сонли Фармони ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш мақсадида қабул қилинди.
Миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зеро, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.
Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди
раиси С.Низомов