КОРРУПЦИЯГА ОИД ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИ АНИҚЛАШ, УЛАРГА ЧЕК ҚЎЙИШ, ЖАВОБГАРЛИКНИНГ МУҚАРРАРЛИГИ
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга доир чора-тадбирлар
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларининг коррупциянинг ҳолатини ва тенденцияларини тизимли таҳлил қилишга асосланган самарали ишини ташкил этиш, уларнинг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг замонавий шакллари ва усулларидан фойдаланиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг техник таъминоти даражасини ошириш, уларнинг ишига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ўртасида мувофиқлаштиришни ва ҳамкорликни таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш;
коррупцияга қарши курашнинг самарали жиноят-ҳуқуқий ва жиноят-процессуал механизмларини яратиш.
Давлат органлари ходимларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар қилиш мажбурияти
Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарорига кўра муайян ҳуқуқлардан, шу жумладан муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан қонунга мувофиқ маҳрум этилиши мумкин.
Юридик шахслар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахсларни ва уларнинг яқин қариндошларини ҳимоя қилиш
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат ҳимоясида бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар хизмат сирини ташкил этади ҳамда фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахснинг ўзининг, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи орган раҳбарининг ёзма рухсати асосида ошкор этилади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларнинг ҳамда уларнинг яқин қариндошларининг ҳаётига ва соғлиғига ҳақиқий таҳдидни, уларга нисбатан зўрлик ишлатилганлигини, уларнинг мол-мулки йўқ қилинганлигини ёки шикастлантирилганлигини тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда, коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахсларнинг ва уларнинг яқин қариндошларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилганлиги сабабли тажовуз қилишга, шунингдек иш берувчи томонидан уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмайди ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларни рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ушбу модданинг қоидалари коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида била туриб ёлғон ахборотни хабар қилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди, улар бундай ҳуқуқбузарлик учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар натижасида қабул қилинган қарорларни бекор қилиш ёки ўзгартириш
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар натижасида қабул қилинган қарорлар манфаатдор шахснинг аризасига кўра ваколатли давлат органи, бошқа ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан бекор қилиниши ёхуд ўзгартирилиши ёки суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги натижасида қабул қилинган қарор бекор қилинган, ўзгартирилган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, унинг қабул қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши лозим.
Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди раиси С.Низомов