ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШ
Сайёрамизда бир қатор глобал муаммолар борки, булар сирасига бевосита одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларни ҳам киритиш мумкин. Йилдан-йилга бу иллатдан жабр чекаётганлар, унинг қурбони бўлаётганлар сони ортиб бормоқда. Ҳудуд ва чегара билмайдиган бу жиноятнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдирмоқда. Одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга.
Айтиш лозимки, бугунги кунга келиб одам савдосининг авж олишига, яъни инсонни қандайдир бир буюм сифатида, таъбир жоиз бўлса инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига қуйидагилар сабаб бўлмоқда:
- одам савдоси каби ноқонуний фаолият тури бир ёки бир неча аъзолардан иборат гуруҳларнинг сердаромад манбасига айланиб бораётгани, яъни уларнинг ҳеч қандай оғир ва машаққатли меҳнатларсиз мўмай даромад олишга уринаётганлиги;
- одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг соддалиги, ўзининг яқинларининг тақдири ва келажагига бефарқлиги, лоқайдлигида. Яъни энг олий неьмат ҳисобланмиш эркин ҳаёт тушунчасига нисбатан енгил ва бепарволик билан қарашлари оқибатида ушбу одам савдосини амалга оширувчи жиноятчиларнинг ўлжасига, аниқроғи уларнинг осон даромад манбаига айланиб қолмоқдалар;
- одам савдосини амалга оширувчи жиноятчи шахслар ўзларининг танишлари, яқин қариндошларига нисбатан, яъни уларнинг ишончига кириб олиб, уларнинг одам савдосини қурбонига айланиб қолишига сабабчи бўлаётганлигида.
Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, давлатимиз 2003 йил
12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди.
2020 йил 17 августда Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги янги таҳрирда Қонуни қабул қилинди.
Миллий қонунчилигимизда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби ва уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлари, шунингдек илгари бўлмаган одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари белгиланди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал органлиги таъкидланди. Миллий комиссиянинг қарорлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бажарилиши шартлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун эса тавсиявий хусусиятга эга эканлиги белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, қонуннинг қабул қилиниши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Жиноя ишлари бўйича Зафарабод туман суди раиси С.Низомов