РЕФЕРЕНДУМДА ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
Овоз бериш референдум куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида ўн кун қолганда фуқароларни хабардор қилади.Овоз бериш биносига келгач, фуқаро участка комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга овоз бериш бюллетени берилади. Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.
Фуқаролар референдумга қўйилган масалага қарши овоз берадиган бўлсалар, масала таърифи матнини ўчирадилар ёки масалани ёқлаб овоз берадиган бўлсалар, уни ўчирмайдилар. Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим. Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган тақдирда, уларнинг илтимосига кўра референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ана шу фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этади.
Зафаробод туман Адлия бўлими бошлиғи Б.Икромов