Фирибгарлик мулкка қарши қаратилган жиноятлар ичида энг кўп тарқалганларидан бири бўлиб, алдаш ёки ишончни суиис-теъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлади. Фирибгарликнинг ўзига хос хусусиятлари нафақат унинг содир этилиши усули, балки қонунда махсус белгиланган тажовуз қилиш предмети ҳам ҳисобланади.
Фирибгарликнинг объекти ўзганинг мулки ҳисобланади.
Тажовуз предмети мулкдан ташқари юридик категория сифатида ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқ, мулкка бўлган алоҳида ваколатлар (масалан, айбдор уйда яшаш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин) ҳисобланади. Бу ҳуқуқлар турли хил ҳужжатларда, масалан, васиятнома, суғурта полиси, муайян бойликларни олиш учун ишончнома, турли хил қимматли қоғозларда мустаҳкамланган бўлиши мумкин. Номи ёзилган қимматли қоғозларда тасдиқланган мулкий ҳуқуқлар талаб қилинганда, талаблар (цессия)ни қондиришнинг белгиланган тартиби асосида берилади. Ордер бўйича ҳуқуқ, яъни шахсга ёки унинг топшириғига кўра ушбу ҳужжат бўйича ўзга шахсга берилган ҳуқуқ хусусидаги ўтказиш ёзуви - индоссамент киритилиб, ижро амалга оширилиши мумкин. Қимматли қоғозда амалга оширилаётган индоссамент ушбу ҳужжат ўтказилаётган шахсга унга эгалик қилишга бўлган барча ҳуқуқларни ўтказади.
Фирибгарликнинг предмети нафақат мулк, балки унга бўлган ҳуқуқлар ҳам бўлиши мумкинлиги жиноятнинг тугалланган вақтини аниқлаш учун аҳамиятга эгадир. Мулкий ҳуқуқларни ўзида акс эттирувчи ҳужжатлар турли хил фирибгарлик операцияларининг предмети бўлиши амалиётда учрамоқда. Фирибгар қўлга киритилган мулкка нисбатан ҳуқуқларни акс эттирувчи ҳужжатларни олган вақтидан бошлаб, ушбу ҳужжат бўйича фирибгар тегишли мулкни буюм ёки пул эквивалентида қўлга киритганлигидан қатъи назар жиноят тугалланган ҳисобланади. Бошқача айтганда, мулкка бўлган ҳуқуқни қўлга киритиши натижасида айбдор мулкнинг ўзини ҳам қўлга киритади.
Объектив томондан фирибгарлик алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлади. Жисмоний усул хос бўлган бошқа кўпгина жиноятлардан фарқли равишда фирибгарлик жиноятида айбдор ҳаракатлари ахборот хусусиятига эга бўлади, ёки айбдор ва жабрланувчи ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч асосида шаклланган бўлади. Қонунда мулкни эгаллаш ёки мулкка бўлган ҳуқуққа эга бўлиш усули сифатида мазкур талон-торож қилиш шаклининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи ёлғон ёки ишончни суиистеъмол қилиш кўрсатилган. Бироқ алдаш ҳали мол-мулкни олиш ва уни жиноятчи фойдасига ўтказиш дегани эмас. Фирибгарлик таркибида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш асосий ҳаракат содир этилишини таъминлайдиган ёрдамчи ҳаракат сифатида амалга оширилади.
Фирибгарликда асосий ҳаракат деганда, жиноят субъекти томонидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш билан шартланган, мулкни мулкдорнинг эгалигидан айбдор ёки у кўрсатган шахслар фойдасига ўтказиши тушунилади. Худди шу алоқадор ҳаракатлар фирибгарликнинг объектив томони белгиларини ташкил этади. Ушбу жиноятнинг ўзига хослиги шундаки, ташқи тарафдан мулкдор томонидан мулкни “ихтиёрий” равишда бегоналаштириш ва жиноятчига ўтказиш кузатилади. Айнан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкдорда ёки мулкнинг бошқа қонуний эгасида мулкни ёхуд мулкий ҳуқуқларни жиноятчига ўтказиш фикрини туғдиради. Шу усулда жабрланувчининг онги ва ихтиёрига таъсир этиш ёки унинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали фирибгар мулкни ўз фойдасига ёки бошқа шахслар фойдасига ўтказиш мақсадига эришади. Бу ерда алдов ёки ишончни суиистеъмол қилиш талон-торож қилишнинг зарурий усули сифатида гавдаланади.
Жиноятни содир этиш усулларининг ўзига хослигига қараб қонунда фирибгарлик икки турга ажратилади:
* алдаш йўли билан талон-торож қилиш;
* ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиш.
Алдаш фирибгарлик билан талон-торож қилиш усули сифатида айбдорни ҳақиқий мақсадларига (масалан, мулкни қайтариб бермаслик мақсадида қарзга олиш); предметга унинг нархи, миқдори ва сифатига (рангли металлардан фойдаланган ҳолда тилла буюмлар сифатида ҳар хил нарсалар ишлаб чиқариш, тўлиқ бўлмаган товарни тўлиқ нархида сотиш) тааллуқли бўлиши мумкин. Алдаш, шунингдек, фирибгарнинг шахси, унинг мансаби ва ижтимоий мавқеи, касбига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин (масалан, шахс ўзини солиқ инспекцияси ходими сифатида таништиради ва солиқ тўловлари сифатида пул маблағларини олади).
Алдаш таркибига, шунингдек, бевосита мулкни топшириш учун асос ҳисобланмайдиган, лекин жабрланувчи томонидан мулкни топшираётган вақтда ҳисобга олинадиган бошқа ҳолатлар ҳам кириши мумкин. Бундай ҳолатлар сифатида қалбаки гувоҳномани тақдим этиш, “квитанция” ёзиш, қалбаки сертификат кўрсатиш бўлиши мумкин.
Фирибгарлик алдовларининг шакллари хилма-хилдир. Алдаш оғзаки ёки ёзма шаклда, битим предметини қалбакилаштириш шаклида, карта ўйинларини ўйнашда кўзбўямачилик усулларида, ҳисоб-китоб қилишда қалбакилаштирилган тўлов предметларидан фойдаланиш шаклида бўлиши мумкин. Қоида бўйича, фирибгарлик ҳаракати содир этилишида турли хил алдаш шаклларидан фойдаланилади.
Объектив томондан фирибгарлик ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ҳам содир этилиши мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, “ишонч” тушунчаси кўп учраб туришига қарамасдан, унинг қонунчиликда белгиланган таърифи мавжуд эмас ва умумий ҳуқуқ нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ишонч деганда, субъектлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни тавсифлайдиган хусусият сифатида имон, яъни ижобий, моддий базадан мустақил, ушбу маълумотни тасдиқлайдиган хусусиятга эга бўлган маълумотлар ҳақида хабар беришдаги субъектив муносабатлар тушунилади. Бошқача айтганда, ишонч бу хабар қилинаётган ҳолат ва фактларни ёки содир этилаётган ҳаракатларни ҳаққоний равишда, ҳеч қандай исбот талаб этмасдан, тўлиқ ва сўзсиз қабул қилиш. Ишонч субъектив муносабатларнинг мураккаб тизими бўлиб, оғзаки ва ёзма, ҳаракат (конклюдент) шаклларга эга бўлиши мумкин. Бироқ ишонч асосланган шакл ушбу ҳаракатларни баҳолашга таъсир этмайди ва ҳар бир ҳолатда айбдор ва жабрланувчи ўртасида ишонч мавжуд бўлганлигини алоҳида аниқламоқ лозим.
Ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдор шахс томонидан ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда ўз фойдасига олиш учун ўзи ва мол-мулк эгаси ёхуд мол-мулк эгалиги ихтиёрида турган шахс ўртасидаги алоҳида, ўзаро ишончга асосланган муносабатлардан қонунга хилоф равишда мулкни ўз фойдасига олиш учун фойдаланиши тушунилмоғи лозим. Ишончга асосланган муносабатлар фирибгар ва жабрланувчи шахс ўртасида прокат, ижара, олди-сотди, топшириқ шартномаси ва ҳоказоларда вужудга келиши мумкин.
Ишончни суиистеъмол қилишни жиноят содир этиш усули сифатидаги алдашдан фарқламоқ лозим. Шарҳланаётган усулдан фарқли равишда, алдаш жабрланувчида айбдорга нисбатан ишонч муносабатлари шакллантириб, ўз мулкини топшириш мақсадига қаратилган фаол ҳаракатларда ифодаланади. Бошқача айтганда, ишонч - бу айбдорга жабрланувчининг ишончини суиистеъмол қилиш орқали унинг мулкини эгаллаш учун зарур бўлган бир босқичдир. Айбдор ўзи ва мулкдор ёки бошқа қонуний эгалловчи билан шундай алоҳида ишончни қозониш усулларидан фойдаланадики, натижада турли алдашлар орқали жабрланувчининг ишончига кириб олади. Ишончни суиистеъмол қилиш фирибгарлик жиноятининг мустақил усули сифатида камдан-кам ҳолларда алоҳида ҳолда учрайди. Мисол тариқасида бланка имзосини суиистеъмол қилиш (мулкни эгаллаш мақсадида тўлдирилмаган имзоли бланкадан фойдаланиш)ни олиш мумкин.
Ишончни суиистеъмол қилиш ва алдашнинг ҳар қандай шаклининг моҳияти шундаки, ишончга эришган айбдор жабрланувчида қандайдир ҳолатлар ҳақида нотўғри таассурот уйғотади ва мулки ёки мулкий ҳуқуқларини ўтказиши фойдалилигига ёки мажбурийлигига ишонтиради. Бошқача айтганда, фирибгарликда жабрланувчининг айбдорга ишонгани ёки алдангани сабабли ўзи мулкни ихтиёрий равишда бериб юборади.
Субъектив томондан ушбу жиноят фақат қасддан ва ғараз мақсад билан содир этилади. Айбдор ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида жабрланувчини чалғитаётганлигини ёки била туриб ишончини суиистеъмол қилаётганлигини англаб етади ва бунинг содир этилишини хоҳлайди. Шунингдек, ушбу жиноий қилмишни айбдор мулкий фойда олиш ва бойиб кетиш мақсадида содир этади. Ғараз мақсаднинг мавжудлиги фирибгарликнинг зарурий аломати ҳисобланади, шу билан бирга, агар мулкни алдаш йўли билан ғаразли мақсадларсиз эгаллаган бўлса (масалан, бошқа шахснинг номидан ойлик иш ҳақини унга бериб қўйиш мақсадида олиш), қилмишни фирибгарлик сифатида квалификация қилиб бўлмайди.
Ушбу жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс ҳисобланади.
Жиноят ишлари бўйича
Жиззах вилоят суди судьяси Ш.Худаяров