Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, бугунги кунда ўзгалар мулкини талон-торож қилишга қаратилган жиноятларнинг кўплаб содир этилиши, давлат ва жамият иқтисодий негизларига жиддий зарар етказмоқда.
Хусусан, бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар сони йилдан-йил кескин ортиб бормоқда.
Жумладан, 2021 йил давомида фирибгарлик билан боғлиқ 11 598 нафар шахсга нисбатан 9 355 та, 2022 йил давомида эса, 15 145 нафар шахсга нисбатан 12 201 та жиноят иши кўриб чиқилган.
Ушбу жиноят ишларининг аксарияти Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар судлари ҳиссасига тўғри келиб, Республика бўйича кўрилган ушбу тоифадаги ишларнинг 50,4 фоизини ташкил қилади.
Фирибгарлик алдов ва ёлғонга асосланган.
Фирибгарлик тушунчаси. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасига мувофиқ, фирибгарлик деганда, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 35-сон қарорида фирибгарлик жинояти кўринишлари батафсил кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.
Бундан ташқари, Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “фирибгарлик” тушунчасининг луғавий маъноси – “алдамчилик, ҳийлагарлик”[1] маънолари билан изоҳланган. Шунингдек, фирибгарликнинг усули ҳисобланган ишончни суиистеъмол қилишнинг луғавий маъноси эса, “инсофсизларча, ноқонуний ёки ёмонлик учун фойдаланиш”[2] ни англатади.