Ўзбекистон ислоҳотларни «инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» тамойилига асосланган ҳолда олиб бормоқда. Шунинг учун мамлакат инсон ҳуқуқларини лозим даражада ҳимоя қилишни устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олди.
Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатда пахта териш кампанияси даврида мажбурий ва болалар меҳнатини бартараф этиш бўйича мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Сир эмас, айнан шу масалалар узоқ йиллар давомида халқаро майдонда Ўзбекистон имижига «тамға» бўлди. Ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ҳукумат Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва фаол фуқаролар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйди. Шунингдек, Ҳукумат томонидан қишлоқ хўжалигида ҳам чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилди. Бунда, шубҳасиз, мамлакат раҳбариятининг юқори сиёсий иродаси муҳим роль ўйнади. Натижада, 2020 йил якунларига кўра, Халқаро меҳнат ташкилоти ўз ҳисоботида Ўзбекистон томонидан пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш тўхтатилганини эълон қилди. Ташкилот ўз маълумотларида Ўзбекистон пахта далаларида асосий меҳнат ҳуқуқларига риоя этишда катта муваффақиятларга эришганини эътироф этган. Хусусан, пахта кампаниясига талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларни мунтазам равишда жалб этиш буткул тўхтатилди. Ўзбекистоннинг асосий пахта етиштириладиган ҳудудларида мониторинг ўтказган инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми ўн йил ичида илк маротаба бирорта ҳам мажбурий меҳнат ҳолатини қайд этмади.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги кейинги жиддий ютуқ, бу кўпчиликни ўйлантирган, қийнаб келган «прописка» тизимини тубдан ўзгартириш бўлди. Жамият узоқ йиллар давомида бу тизимга нисбатан фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига тўсиқ, дея қараб келган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эски «прописка» тизимини фуқароларнинг оёқларига урилган кишан, деб таъриф берди ва уни тубдан ўзгартириш чораларини кўрди. Ушбу чора-тадбирларга кўра, рўйхатдан ўтишни билдириш тизимига ўтиш кўзда тутилган. Ушбу чора-тадбирлар, шунингдек фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Зеро, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилган фуқаролар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда бўлмаганликлари учун узоқ йиллар давомида пойтахтдан ўз номларига уй сотиб олиш имкониятидан маҳрум эдилар. Кўплаб фуқаролар Тошкентдаги ўзларининг кўчмас мулкини пойтахтда доимий рўйхатда турган яқин танишлари номига рўйхатдан ўтказиб, сўнгра ўзлари ўз уйларида ижарачи каби яшашга мажбур эдилар. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, уй-жой сотиб олишда прописка талаби бекор қилинганидан сўнг, ўзбекистонликлар Тошкент шаҳрида қарийб 13 мингта хонадонни сотиб олдилар. Улардан 70 фоизини вилоятлик фуқаролар ташкил қилди. Ҳукумат, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш учун қатъий чора-тадбирларни қабул қилди. Фақат ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди, бу йил эса 20 мингдан зиёд шахс фуқароликка эга бўлиш имкониятини қўлга киритди.
Ўзбекистон фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ҳам улкан йўлни босиб ўтди. Сир эмас, халқаро ҳамжамият бу масалага узоқ йиллар давомида хавотир билан қараб келаётган эди. Ўзгаришлар дин эркинлигида шахснинг конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратди. Диний ташкилотларни рўйхатга олиш учун давлат божи миқдори беш баробарга камайтирилди, уларнинг чораклик ҳисоботлари бекор қилинди. Ижро этувчи ҳокимият органи – Адлия вазирлигининг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатлари суд органларига топширилди. «Қора рўйхатлар» деб номланган бемаъни амалиёт бекор қилинди ва диний-экстремистик ташкилотлар билан алоқада бўлганлиги шубҳа остига олинган 20 мингдан ортиқ фуқаро рўйхатдан чиқарилди ва бу каби «рўйхатлар»ни давом эттириш амалиётига чек қўйилди.
Мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги асосий ютуқлардан бири қийноқлар ва шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган муомала ёки жазони йўқ қилиш бўйича бажарилган тизимли ишлар бўлди. Ноқонуний усуллар натижасида олинган далиллардан фойдаланганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноқ) БМТнинг Қийноқларга Қарши Конвенциясининг 1-моддасига мувофиқлаштирилди. Халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, Ўзбекистон Президенти Қорақалпоғистондаги таниқли Жаслиқ колониясини тугатиш тўғрисида фармон имзолади. 2019 йил март ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) «миллий профилактика механизми» вазифасини бажариб келмоқда. Ушбу механизм жазони ижро этиш муассасалари, қамоқ жойлари ва махсус қабулхоналарда қонун билан кафолатланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланишини ўрганиш бўйича мониторингни ташкил қилишни таъминлайди.
Гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ислоҳотлар ҳам яна бир муҳим йўналишга айланди. Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача бўлган даврда гендер тенглигини таъминлаш стратегиясини ишлаб чиқди, махсус процедура жорий этилмоқда, унга кўра, барча янги қонун лойиҳалари гендер нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. 2019 йилда Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича парламент комиссиясининг ташкил этилиши аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам берди. Ўзбекистонда қонунчилик ва давлат сиёсати даражасида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмлари яратилди. "Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларнинг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайланиш учун аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқларнинг таъминланишини ва сиёсий партиялардан депутатликка номзодларни кўрсатиш имкониятини кафолатлайди. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, «ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал қилиш, бошқарув самарадорлигини оширишда аёлларнинг роли катта».
Юқорида айтиб ўтилган фикрларни умумлаштириб, шуни айтиш мумкинки, санаб ўтилган фактлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро ислоҳотлар йўлидаги муҳим босқичлардан ва халқаро ҳамжамият томонидан ушбу соҳада олиб борилаётган сиёсатнинг тан олинишидан далолат беради. Мамлакат эришилган ютуқларда тўхтамоқчи эмас ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш йўлини давом эттиради. Бунинг учун мамлакат раҳбариятининг юқори сиёсий иродаси борлиги қувонарли, албатта. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзоси деган тарихий мақом Ўзбекистонга тажриба алмашиш ва халқаро ташаббусларини янада самарали тарғиб қилиш учун халқаро платформалардан кенг фойдаланиш имконини беради.
Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг раиси Ж.Бахронов