Маълумки, дунёдаги ҳар бир мамлакат ва ҳар бир халқнинг миллий ва диний байрам кунлари бўлади. Шу жумладан бизнинг она юртимиз ва диёримиз саналмиш мустақил Ўзбекистон халқининг ҳам қатор байрамлари борки, ҳар йили уларни шодиёна тантанали равишда ўтказиб борилади. Худди шундай миллий байрамларимиздан бири баҳор байрами, яъни Наврўз байрамидир.
Билиб қўйишимиз керакки, биз ўтказадиган Наврўз қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига саломат етганимиз ҳамда ерга уруғ қадайдиган фурсати етгани муносабати билан деҳқонларнинг ҳам баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий тадбири ҳисобланади. Бу кунни баҳорни бошланиш сифатида рамзий нишонлаймиз.
Бобо деҳқонларимиз, миришкор боғбонларимиз орзиқиб кутган дамлар етиб келди. Улар “бисмиллаҳ” деб, Парвардигордан мўл –кўл ҳосил беришини сўраб, ерга барака уруғини сочишади, мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазишади. Зеро, ерга меҳнат билан қанчалик ишлов берилса, деҳқончилик, зироат ҳам шунга қараб баракали бўлади. Рўзғоримиз бутун, ҳаётимиз фаровон, турмушимиз ҳам обод ва бахтли бўлади. Шаҳар ва қишлоқларда яшовчи барча инсонлар бу муборак фаслни ғанимат билиб, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, турмушимиш равнақи йўлида астойдил белларини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилиш билан ўзларининг холис ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қиладилар.
Шунингдек, ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлар, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом- саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос одатлардандир.
Бунда дарахтлар оқланиб, янги-янги мевали ва манзарали дарах кўчатлари экилади. Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилиб айтган : “ Бирон –бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса, ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига этишур”.
Демак, ҳар бир мусулмон киши тоат –ибодат билан машғул бўлиш билан бирга охират кўприги бўлган бу дунё ободлиги йўлида саъй-ҳаракат қилиши лозим бўлади, алалхусус элнинг ризқ-рўзи манбаи бўлмиш зироат-деҳқончиликка шу кундан бошлаб алоҳида эътибор беради.
Шамсий йил ҳисобида йилнинг биринчи куни Наврўз(янги кун)деб аталади. Наврўз деҳқончилик ишларининг бошланиши, янги мавсумга кириш вақти саналади. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган янги униб чиққан кўкатлардан сумалак, ҳалим, кўксомса каби тансиқ таомлар пиширилган.
Ривоят қилинишича, жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)га мана шундай навбаҳор кунларидан бирида сумалакка ўхшаш кўкатлардан тайёрланган таомдан олиб келиб берганларида, ундан еб кўриб, унга лаззатли баҳор таоми деб таъриф берган эканлар.
Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ўз асарларида: “Ҳар тунинг “Қадр” ўлибон, ҳар кунинг ўлсин “Наврўз”— деб бу кунни алоҳида ёд этганлар.
Бинобарин, барча миллий байрамларимиз қатори Наврўз байрамини ҳам кўтаринки руҳ билан, фасли навбаҳор айёмига саломат етказгани учун Ҳақ таолога шукроналаримизни адо этган ҳолда ўтказишимиз лозим бўлади.
Аллоҳ азза ва жалла Ўз иродаси ва қудрати ила еру – осмонларни яратиб, уларда дарё ва денгизларни, сайёра ва юлдузларни пайдо қилиб ҳамда буларнинг барини инсондек улуғ зотга бўйсундириб қўйди.
Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди. Ўсимлик олами Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу оламни инсонга восита бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўсин деб яратганини кўп марта эслатади. Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси ва осмондан туширадиган сув неъмати билан етилиши баён этилган . қурони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Биз осмондан барокатли сув(ёмғир)ёғдириб , у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у ( сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни) “тирилтирдик”.
Бугунги шодийна айёмда, Аллоҳ таолога барчаларимизни ушбу қутлуғ дамларга соғ-саломат, тинчлик-омонликда етказгани учун шукроналар айтамиз. Аллоҳ таолодан бу йилги баҳорни юртимиз учун баракотли қилиб, халқимизнинг яхши ниятларда қадаган уруғлари сермаҳсул бўлишини насиб айлашини, маҳаллаларимиз ва юртимизнинг янада обод ва кўркам бўлиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни тинч-омонликда сақлаб икки дунё саодатим йўлида олиб бораётган амаллари ва саъю ҳаракатларига барокатлар ато этишини тилаб қоламиз.
О.Юлдашев
Жиззах вилоят Арнасой туман бош имом хатиби