Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси)
Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда - ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида;
апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат этилганда, шунингдек ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.
Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Суд, манфаатдор шахсларнинг, прокурорнинг ва давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 128-моддасида маъмурий судга тақдим этиладиган аризанинг (шикоятнинг) шакли ва мазмуни қандай бўлиши кераклиги кўрсатилган бўлиб, унга кўра, ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилиши, ариза аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланиши лозим. Аризада ариза берилаётган суднинг номи, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар, арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар, аризачининг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши керак.
Аризада аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Аризачи ариза (шикоят) бераётганда жавобгарга ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган, уларда бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.
Шунингдек, аризага (шикоятга) қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар, яъни белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлиги, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўланганлиги, аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлиги, арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар илова қиланади.
Агар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, судья аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш, қайтариш ёки судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш ҳақидаги масалани ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал қилади.
Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ҳақида, қабул қилишни рад этиш, қайтариш ёки судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади, ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ажрим чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмай юборилади.
Судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича суддан ёки иқтисодий суддан ариза (шикоят) ёки иш материаллари келиб тушганда судья ариза (шикоят) Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекснинг 128, 129 ва 130-моддаларида кўрсатилган талабларга мувофиқ эмаслигини аниқлагач, ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай аризачини камчиликларни бартараф этиш зарурлиги ҳақида хабардор қилади ва унга бунинг учун ўн кундан ошмайдиган муддат беради.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 132-моддасига кўра, судья ушбу Кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда берилган аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиши ва иш қўзғатиши шарт.
Судья Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 130-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 3-бандларида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган аризани, агар аризага давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги ёки аризачида мавжуд бўлмаган далилларни талаб қилиб олиш ҳақидаги илтимосномалар илова қилинган ҳамда бу илтимосномалар қаноатлантирилган бўлса, иш юритишга қабул қилишга ва иш қўзғатишга ҳақли.
Судья қуйидаги ҳолларда аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилишни рад этади, агар:
- иш маъмурий судга, фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлмаса;
- маъмурий суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрими ёхуд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;
- суднинг иш юритишида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса.
Аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Шунингдек, судья аризани (шикоятни) ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:
-аризанинг (шикоятнинг) ушбу Кодекснинг 128-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;
-аризачи судьянинг ушбу Кодекс 131-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган кўрсатмасини белгиланган муддатда бажармаган бўлса;
-ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлса;
-ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
-иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;
-жавобгар ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;
-давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
-битта аризада (шикоятда) бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғланмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;
-аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар аризани (шикоятни) қайтариб олиш тўғрисида аризачидан ариза келиб тушган бўлса;
-ариза (шикоят) суд муомалага лаёқатсиз деб топган шахс томонидан берилган бўлса.
Аризанинг (шикоятнинг) қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгандан кейин судга такроран умумий тартибда мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
Уринов Акмал Фарходович
Жиззах туманлараро маъмурий
судининг раиси