Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4-моддасига мувофиқ, манфаатдор шахс, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, прокурор, шунингдек, бошқа шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга ваколатли айрим фуқаролар ва давлат органлари маъмурий орган қарорини ҳақиқий эмас ва унинг мансабдор шахси ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан, башарти бу қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли унинг:
-ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган;
-ҳуқуқлари, эркинликларини амалга ошириш ва қонуний манфаатларини амалга оширишда тўсқинлик яратилган;
-зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклатилган;
-у ёки бу соҳадаги фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсқинлик яратилган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига биноан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
Шу сабабли, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишда тўсқинлик яратади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 89-бандига асосан, юридик ва жисмоний шахслар кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ва давлат хизматлари марказининг қарори юзасидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
МСИЮтКнинг 27-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра, маъмурий суд давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.
Шунга кўра, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судларга тааллуқли ҳисобланади.
Судлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш билан боғлиқ ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларидан келиб чиқиб, ҳал қилиш лозим.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган тақдирда, манфаатдор шахс шикоят билан ўз хоҳишига кўра бевосита судга ёхуд тобелик тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.
Шу сабабли, манфаатдор шахснинг ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш ҳақида дастлаб юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга мурожаат қилмаганлиги, шикоятни суд томонидан қабул қилмаслик учун асос бўлмайди.
Фуқаронинг ёки юридик шахснинг аризаси (шикояти) қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга тақдим этилади (МСИЮтК 32-модда).
Бериладиган аризанинг шакли ва мазмуни МСИЮтКнинг
128 ҳамда 187-моддаларида қўйилган талабларга мос бўлиши керак.
Аризага (шикоятга) ушбу Кодекснинг 130-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек устидан шикоят қилинаётган қарорнинг матни илова қилинади.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги "Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида"ги 24-сонли қарорининг 15-бандида, аризага қарорни илова қилмаслик (МСИЮтК 134-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ) аризани қайтаришга асос бўлмаслиги кўрсатилган.
Шу сабабли, суд ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги ҳақидаги қарор аризага илова қилинмаган ҳолларда низолашилаётган қарорни аризачининг илтимосномасига кўра ёки ўз ташаббуси билан маъмурий органдан талаб қилиб олиши лозим бўлади.
МСИЮтКнинг 186-моддасига кўра, агар ушбу Кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан олти ой ичида судга берилиши мумкин.
Шунга кўра, ўзга Қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаганлиги сабабли ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан ҳам ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.
Жиззах туманлараро маъмурий судининг судьяси Миролим Юлдашев Мусаевич