Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 68-модда)
Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.
Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ муносабатларни самарали тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш, ерга оид низоларни олдини олиш, бу борада фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга оид муҳим қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
Ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни тўғри ҳал этилиши таъминланиши учун, даставвал, ерга оид ҳуқуқий муносабатлар деганда қандай муносабатлар тушунилишини англаб олишимиз лозим.
Ерга оид ҳуқуқий муносабатлар деганда – ер ресурсларини бошқариш, уни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари ажратиш, ер участкаларига эгалик қилиш ва фойдаланиш жараёнида келиб чиқадиган ҳуқуқий ва бошқа ашёвий муносабатлар тушунилади.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини кафолатлари кўрсатилган.
Ер чекланган табиий ресурс бўлиб, давлат бойлиги ҳисобланиши туфайли алоҳида муҳофаза этишни ҳамда оқилона фойдаланишни талаб этади.
Шунга кўра, ерга оид ҳуқуқий муносабатлар иштирокичиси сифатида бир тарафда субъект сифатида маъмурий органлар гавдаланади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 2-моддасига кўра, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири этиб белгиланган экан, давлат бошқаруви органлари, маъмурий органлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер ҳуқуқий муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини бузувчи қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоятлар маъмурий судларга тааллуқли ҳисобланади.
Ушбу тоифадаги низоларда қуйидаги уч белгининг бир пайтда мавжудлиги ишнинг маъмурий суд судловига тааллуқли эканлигини англатади:
а) ишда жавобгар - маъмурий орган бўлиши;
б) ариза (шикоят) маъмурий органнинг ҳужжатига ёки хатти-ҳаракатига (ҳаракатсизлигига) қаратилган бўлиши;
в) устидан ариза (шикоят) берилган ҳужжат ёки хатти-ҳаракат (ҳаракатсизлик) маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан бўлиши.
Суд агарда аризада маъмурий органнинг ҳужжатини ҳақиқий эмас ёки унинг мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш эмас, балки тўғридан тўғри маъмурий органга мажбурият юклаш талаби қўйилганлигини аниқласа, низода юқорида қайд этилган иккинчи белгининг мавжуд эмаслиги, маъмурий органнинг ҳужжатини ҳақиқий эмас, унинг мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топмасдан маъмурий органга мажбурият юклаш мумкин эмаслиги, мажбурият юклаш талаби маъмурий суд судловига тааллуқли эмаслиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 133-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилишни рад этади ёки ушбу Кодекс 108-моддасининг 1-бандига асосан иш юритишни тугатади.
Худди шунингдек, судлар ишнинг судловга тааллуқли эканлигини аниқлашда низо маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққанлигини ҳам аниқлаши, низо мазкур муносабатлар доирасидан келиб чиққанлигини аниқлашлари лозим. Масалан, ер ижара шартномасини бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш талаби ер муносабатлари доирасида вужудга келган бўлса-да, бироқ ушбу низода юқорида қайд этилган учинчи белги йўқ.
Яъни, низо маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан эмас, балки шартномавий ҳуқуқий муносабатлар доирасидан келиб чиққан.
Шундан келиб чиқиб эса, ушбу тоифадаги ишлар маъмурий судлар судловига тааллуқли эмас.
Жиззах туманлараро
маъмурий судининг раиси А.Ф.Уринов