Сўнгги йилларда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу чора-тадбирларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги ПФ6034-сонли Фармонида суд ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг Олий суд тузилмасида йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилган судлов таркиби тузилди.
Ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2021 йил 12 январь куни ЎРҚ 662-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонунлари қабул қилинди.
Жумладан, маъмурий судларга ҳамда иқтисодий суднинг судловига тааллуқли бўлган “Инвестициявий низолар бўйича ишлар” тушунчалари мазкур ишларнинг судларга тегишлилигини ёритиб берувчи қонун нормалари билан тўлдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 27-моддасида суд томонидан ҳал этиладиган ишлар кўрсатилган.
Суд:
1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
2) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
3) сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
4) нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
5) давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;
6) ушбу Кодекснинг 27-1-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича;
7) ушбу Кодекснинг 27-2-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.
Суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган, қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа ишларни ҳам ҳал қилади.
Инвестициявий низолар бўйича ишлар
Инвестициявий низолар жумласига инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир ишлар киради.
Рақобат тўғрисидаги ишлар
Рақобат тўғрисидаги ишлар бўлиб юридик шахслар, шу жумладан чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган, маъмурий суд судловига тегишли низолар ҳисобланади.
Ишларнинг судловга тегишлилиги
Судга тааллуқли ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўрилади, бундан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар мустасно.
Инвестиция низолари бўйича йирик инвесторнинг, рақобат тўғрисидаги ишлар бўйича томонларнинг хоҳишига кўра ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқилади.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судловига тегишли ишлар
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари биринчи инстанция суди сифатида давлат сирлари билан боғлиқ ишларни кўради.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари алоҳида ҳолатларга қараб, ҳар қандай ишни туманлараро маъмурий суддан олиб қўйишга ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.
Аризачининг танлови бўйича судловга тегишлилик
Турли ерларда жойлашган бир нечта жавобгарга нисбатан ариза (шикоят) аризачининг танлови бўйича жавобгарлардан бири жойлашган ердаги судга тақдим этилади.
Йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризалари (шикоятлари) жавобгар жойлашган ердаги туманлараро маъмурий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига тақдим этилиши мумкин.
Йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризалари (шикоятлари), шунингдек товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган даъво аризалари туманлараро маъмурий судга ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкин.
Жиззах туманлараро маъмурий судининг судьяси М.М.Юлдашев