Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Аввалам бор, барчангизни энг улуғ, энг азиз байрам–Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги байорами билан самимий табриклайман!
Бу айём халқимизнинг ҳур ва озод яшаши, бахтли ҳаёти, фаровон турмушига асос бўлувчи энг муҳим сана сифатида тарихимиз саҳифаларига битилган. Истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида муҳим ишлар амалга оширилди. Кўпни кўрган халқимиз ўзининг мустаҳкам иродаси ва матонати, беқиёс салоҳиятини намоён этиб, тарихан қисқа фурсатлар ичида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.
Айниқса, кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизга муносиб турмуш шароити яратишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ислоҳотлар натижасини туманимиз мисолида оладиган бўлсак, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида ҳар йилгидан ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу йилнинг ўтган даврида тумандаги маҳаллаларимизнинг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 9 млрд 665 млн сўм маблағ йўналтирилди.
Жумладан;
1,0 км. ичимлик сув тармоқлари тортиш, 4,5 км янгидан асфалть қопламаси ётқизиш, 55 км автомобил йўлларини жорий таъмирлаш, 5 км ички йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизиш ҳамда 21,5 км электр тармоқлари тортиш ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари "Ташаббусли бюджет-2024” 1-мавсумида ғолиб бўлган жами 7 та объектда 7 млрд 720 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Бирлик” маҳалласидаги 3-сонли мактабнинг қўшимча биносини таъмирлаш;
“Писталикент” маҳалласидаги 6-сонли мактабга янги қўшимча 120 ўринли бино қуриш ва жихозлаш;
“Лолазор”маҳалласидаги 7-сонли мактаб учун сунъий қопламали футбол майдони қуриш;
Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун сунъий қопламали футбол майдончаси қуриш;
Тумандаги марказий ўйингохни таъмирлаш;
“Чўлигулистон” маҳалласида 12-сонли мактаб биносини таъмирлаш ҳамда “Ёрқин” маҳалласида ички йўлларга асфалът қопламаси ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда.
Азиз тадбир иштирокчилари!
Париж шаҳрида бўлиб ўтган 2024 ёзги олимпияда ўйинларида Юртимиз спортчилари 13 та медал шундан, 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронзани медалини қўлга киритишди. 206 та давлатлар орасида 13-ўрин, Марказий осиё, МДХ, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар орасида 1-ўринни эгаллаганлигини катта қувонч билан таькидламоқчиман.
Шунинг билан бир қаторда туманимиз спортчилари ҳам “Беш ташаббус олимпияда”сида, Кибер спорт йўналиши бўйича “Писталикент” махалласида яшовчи Сирожев Хумоюн Абдумоннон ўғли, шунингдек, Заковат интелуктуал ўйинларида “Нурафшон” маҳалласининг ёшлар жамоаси вилоятда 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритган бўлса, Давлат Хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларида мини футбол бўйича “Бўстон” махалласи ёшлари вилоятда фахрли 3-ўринни эгаллашди.
Бундан ташқари қўшни Қозоқистон Республикасида бўлиб ўтган кураш бўйича Осиё чемпионати мусобақасида “Бўстон” маҳалласидаги Пўлатов Сухроб Ортиқ ўғли фахрли 1-ўринни эгаллаганини фахр билан тилга оламиз. Туманимиз ёшларини ҳам келажакда жахон ареналарида юқори натижаларга эришиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришларига ишонч билдириб қоламан.
Хурматли туманимиз фаоллари!
2024 йил мамлакатимиз тарихига улкан ўзгариш ва янгиланишлар йили бўлиб ёзилади. Бу йил мамлакатимиз ҳаётида жуда катта ижтимоий-сиёсий тадбирлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг 27 октябр куни махаллий, вилоят Кенгаши ҳамда Олий мажлис қонунчилик палаталари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтишидан хабарингиз бор.
Ушбу сиёсий жараёнлар Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг ўттиз уч йиллик байрам тантаналари “Бир бўлсак - ягона халқмиз,
бирлашсак - Ватанмиз!” ғояси асосида ўтаётгани ҳам тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган “Инсон қадри учун” деган улуғ мақсадлар билан ҳамоҳангдир.
Қадрли юртдошлар!
“Инсон қадри учун” деган тамойил аввало халқимизга ҳеч кимдан кам бўлмаган, муносиб турмуш шароитини яратиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш, даромадли иш ўрнини яратишдан иборат. Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир.
Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан фуқароларни ўзини-ўзи банд қилиш тизимининг жорий этилиши туфайли туман бўйича жорий йилнинг ўтган ойларида 8,1 минг нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, келгусида уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими яратилди.
Янги Ўзбекистонда тараққиёт стратегияси доирасида барча ислоҳотлар марказига инсон қадри, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилаётгани Сизларга яхши маълум. Туманда аҳолини айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Бугунги кунда 1301 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га, 283 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилди. Улар “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида 213 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга 350,0 млн.сўм ҳамда 167 нафар (51,8 фоиз) “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга 450 млн. сўм миқдорида амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Қадрли юртдошлар!
Туманимиз меҳнаткашлари энг улуғ, энг азиз байрам мустақиллигимизнинг ўттиз уч йиллигини яхшигина натижалар билан қарши олмоқда. 2024 йилнинг ўтган ойлари давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 91,8 фоизга, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 103,9 фоизга, Қурилиш-пудрат ишлари 106,2 фоизга ҳамда жами хизматлар кўрсатиш 101,4 фоизга бажарилди.
Шу вақт мобайнида Инвестиция дастурига асосан худудий лойиҳалар доирасида 22,8 млн.доллар миқдорида хорижий нвестициялар 114 фоизга ўзлаштирилди.
Шунингдек, 14 та лойиҳалар ишга туширилди ва 99 та янги иш ўринлари яратилди.
Мисол учун, "Премум Базалт" МЧЖ томонидан Базальт тошини қазиб олиш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 95 минг тонна базальт тошини қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳисобига 25 та янги иш ўринлари яратилди.
"Навоий қили кони" МЧЖ йиллик қуввати 350 минг тонна оҳак тошини қазиш лойиҳаси амалга ошириш ҳисобига 10 та янги иш ўринлари яратилди.
Туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳам доимий диққат марказимизда турган муҳим вазифалардан биридир.
2024 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 2,1 млн АҚШ доллари миқдорида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишга эришилди.
Хурматли тадбир иштирокчилари!
Туман ҳудудини замонавий қиёфага келтириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уй-жойлар ва зарур инфратузилма объектлари билан таъминлаш, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, маънавий соҳаларни ривожлантириш борасида ҳам катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Халқ таълими, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам амалга оширилаётган ишларимизни алоҳида таъкидлаб ўтишни ўринли деб ўйлайман.
Жумладан, айни кунда тумандаги “Писталикент” ва “Чўлигулистон” маҳалла фуқаролар йиғинлари маьмурий бинолари қурилиши учун 640,0 млн.сўмлик ва “Писталикент” маҳалласи ҳудудида жойлашган 4-умумтаълим мактаби биносини мукаммал таъмирлаш учун Инвестиция дастури доирасида 4 млрд 750 млн. сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобига, қурилиш таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда ва байрам арафасида фойдаланишга топширилади.
Бундан ташқари “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонлари асосида 15-умумтаълим мактабининг 180 ўринли қўшимча биноси қурилиши учун 330,0 млн.сўм ҳамда Тинчлик ҚВП биносини мукаммал таъмирлаш учун 480 млн сўм маблағлар ажратилди.
Азиз юртдошлар!
Ўз олдига улкан вазифа қўйиб, келажак сари ишонч билан бораётган халқни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмайди. Бундай халқни Яратганнинг ўзи ҳам қўллаб-қувватлайди, доим йўлини очиб беради. Бугун биз ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган юксак марраларимиз сари дадил бормоқдамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда фидокорона меҳнат қилиб келаётган барча юртдошларимизга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга бахту саодат, файзу барака тилаб қоламан.
Барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган халқимиз ҳамиша омон бўлсин! Гўзал юртимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлсин!
Жонажон Ватанимизга кўз тегмасин!",
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.