Бугунги кунда мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташланди. Айнан шу боис ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган аосий мақсад – Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдан иборатдир.
Давлатимиз бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олмоқда. Иқтисодиётни эркинлаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорлар учун имкониятларни ҳар томонлама кенгайтириш бугунги кунда соҳадаги асосий вазифаларимиздан бирига айланди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестиция ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борадаги устувор вазифлар ижроси ва келгусидаги амалга ошириладиган долзарб масалалар муҳокама этилди. Йиғилишда мамлакатимизда бу борада катта салоҳият борлиги, сўнгги етти йилда соҳага 1 миллиард доллар инвестиция киритилганлиги, бунинг натижасида 762 та корхона ишга туширилиб, 45 турдаги янги маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилганлиги қайд этилди. Бунинг натижасида соҳадаги корхоналар томонидан бюджетга тушум 8 баробар ошган. Ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 баробар ўсган. Бу эса ўз навбатида мамлактимизнинг экспорт салоҳияти ошишига, халқ фаровонлигига хизмат қилишига замин яратади.
Ҳозирги вақтда мамлакатиммиз экспорт географияси 2 карра ошиб, 62 та давлат билан савдо алоқалари олиб борилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган 200 турдаги маҳсулотнинг 195 тури экспорт бўлаётганлиги бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси десак муболаға бўлмайди. Давқлатимиз раҳбари шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва логистикадаги узилишлар, айланма маблағ ва таннарх билан боғлиқ масалалар ҳам борлиги, ҳамма давлатлар ички бозорининг ҳимоясига киришганлигини ва янги бозорларга кириш, борларини сақлаб қолиш ҳам қийин вазифа бўлаётганлигинип ҳам алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда саноат тармоқлари мутасаддилари ва тадбиркорлар иштирокида шу борадаги имкониятлар таҳлил қилинди. Шунингдек, корхоналарда қайта ишлаш даражаси ва тармоқлараро кооперация камлиги кўрсатиб ўтилиб, бундан буён, электротехника соҳасидаги технопарклар ёндош йўналишлардаги корхоналар билан саноат кооперацияси асосида ривожлантирилиши белгиланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда маиший техника йўналиши кенг ривожланиб бормоқда. Лекин биргина шу билан чегараланиб қолмаслик кераклиги, бугунги кунда энергетика, қурилиш, сув хўжалиги, автомобилсозликда электротехника маҳсулотларига талаб кун сайин ошиб бораётганлиги алоҳида таъкидланиб, бу борада тегишли мутасаддиларга алоҳида вазифалар юклатилди.
Шу ўринда давлатимиз раҳбари соҳа вакилларига мурожаат қилиб, энди сифат ва рақобат устида ишлаш, халқаро сертификатларни олиш зарурлигини таъкидлади. Экспорт масалалари муҳокама қилинар экан, бошқа давлатларда йирик узелли йиғишни ташкил этиб, уларга бутловчи қисм ва ярим тайёр маҳсулотни ортиқча йиғимларсиз етказиб бериш мумкинлиги айтилди.
Йиғилишда тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар томонидан бу йил
500 миллион долларлик 85 та лойиҳани ишга тушириш режалари бўйича ахборот берилди. Давлатимиз раҳбари соҳадаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди. Уларнинг муаммо ва таклифлари асосида мутасаддиларга экспорт учун айланма маблағ миқдорини ошириш, саноат электротехникаси учун лизинг тизимини кенгайтириш, илмий тадқиқот ва конструкторлик тажрибаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулотларга устуворлик бериш, сифатсиз ва қалбаки маҳсулотлар савдосини чеклаш ва бошқа масалалар бўйича кўрсатмалар берилди.
Умуман олганда, амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотларда инсон манфаатлари мужассам бўлиб, халқ фаровонлиги, ватан равнақи, фуқароларнинг мустаҳкам ижтимоий ҳимояси йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Музаффар Маматқулов,
“Юксалиш” ҳаракати Жиззах вилояти
ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар
Кенгаши депутати