2020 йил 19 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида инсон ҳуқуқларини тўла-тўкис таъминланиши йўлида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирили ши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида бешта қонун муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6034-сонли Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонунлар суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилишни назарда тутади.
Шу билан бирга, амалда бўлган назорат инстанцияси тизими суд ишларининг йиллаб ўз ечимини топмасдан фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келиш билан бирга халқаро тажрибага ҳам мос келмайди.
Жумладан, қонуний кучга кирган суд қарорларини бир неча марта қайта кўриш имконияти мавжудлиги манфаатдор шахслар суд ишидаги мавҳумлик ҳолатидан бир неча йиллар азият чекишга маҳкум бўлиши, охир-оқибат суд ҳокимиятининг обрў-эътиборига путур етказиши, фуқаролар ва кенг жамоатчиликда судларга нисбатан салбий муносабат, шунингдек ҳуқуқий тизимга нисбатан ишончсизлик юзага келиши учун шарт-шароит яратади.
Давлатимиз раҳбарининг “бир суд – бир инстанция” тамойилининг илгари сурилиши суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб келинган муаммоларнинг ҳал қилинишига айни муддао бўлиб, ушбу тизимни тубдан кўриб чиқишга асос солди. Унга кўра, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилади. Яъни биринчи инстанция – туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари, апелляция инстанция – вилоят даражасидаги судлар, кассация инстанцияси – Олий суд. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинади.
“Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан:
- ЖПКнинг 415, 415-1, 416, 417-моддаларига суриштирув, дастлабки терговнинг тўлиқ эмаслигини ёки жиноят процессуал қонун нормаларининг жиддий бузилишларини бартараф этиш мақсадида, шунингдек жиноий жавобгарликка жалб этилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда суднинг ҳаракатларига тааллуқли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
- биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш тартиби, муддатларига қўйиладиган талабларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
- ЖПК 55-бобининг мазмуни 3 та бобга ўтказилиши муносабати билан уни чиқариб ташлаш;
- апелляция инстанциясида иш юритиш тартибини тартибга солувчи янги ЖПКни 552-боб билан тўлдириш;
- суднинг ҳукми ва ажрими устидан кассация тартибида шикоят (протест)и беришни тартибга солиш ва иш юритиш қоидаларини белгиловчи ЖПКнинг 56-боби ва 561-бобига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
- назорат тартибида иш юритиш институти тугатилиши муносабати билан ЖПКнинг 57-бобини чиқариб ташлаш;
- ЖПКнинг 571-бобида янги очилган ҳолатлар туфайли жиноят иши бўйича иш юритишни қайтадан бошлашнинг аниқ қоидаларини белгилаш;
- ЖПКнинг 530, 531-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, уларга биноан суд қарорларининг қонуний кучга кириши ва ижро этилиши тартибини аниқлаштириш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда.
Вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўриш амалиёти бекор қилинади. Натижада коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилишнинг самарадорлиги ошади.
Шунингдек, ўрта бўғиндаги судлар асосан апелляция инстанцияси суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, барча диққат-эътибори суд қарорларининг сифатига қаратилади ҳамда биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинади.
Ўз навбатида, суд ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институтининг тугатилиши ва кассациянинг учинчи инстанция суди сифатида белгиланиши натижасида суд қарорларининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига эришилади.
Бу эса суд қарорларини қайта кўриш масаласидаги халқаро стандартлар талабларини процессуал қонунчилигига имплементация қилинишига, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида МДҲ ва узоқ хориж мамлакатларининг (Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Беларусь, Озарбайжон, Грузия, Германия, Франция, Латвия, Венгрия, Италия, Япония, Канада, Корея Республикаси, Украина, Грузия, Польша, Чехия) жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш масаласини тартибга солиш соҳасидаги халқаро тажрибаси ўрганилган.
Бу эса, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини берадиган тарзда суд қарорларини қайта кўриш тартибини бирлаштиришга, жамиятнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, шунингдек халқаро стандартлар нормаларини миллий қонунчиликка иплементация қилишга, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.
Жиноятишларибўйича