Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар
Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар (бундан буён матнда ихтисослаштирилган муассасалар деб юритилади) ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган муассасаларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
одам савдосидан жабрланганларга қулай яшаш ва шахсий гигиена шароитларини таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларни озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа хил ёрдам бериш;
одам савдосидан жабрланганларнинг хавфсизлигини муҳофаза қилиш;
одам савдосидан жабрланганларнинг қариндошлари билан алоқа ўрнатилишига кўмаклашиш;
одам савдосидан жабрланганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳақида ахборот бериш;
одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилишга кўмаклашиш.
Ихтисослаштирилган муассасалар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Низомга мувофиқ амалга оширади.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни нормал турмуш тарзига қайтариш мақсадида амалга оширилади ва мазкур шахсларга юридик ёрдам бериш, уларни психологик, тиббий, касбий реабилитация қилиш, уларни ишга жойлаштириш, уларга вақтинчалик турар жой беришни ўз ичига олади.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилишни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Одам савдосидан жабрланган болаларга ёрдам кўрсатиш
Ихтисослаштирилган муассасаларнинг раҳбарлари уларда одам савдосидан жабрланган болалар ҳақида маълумот пайдо бўлган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ одам савдосидан жабрланган болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларига дарҳол хабар қилиши шарт.
Одам савдосидан жабрланган болалар ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилганда улар катта ёшдагилардан алоҳида туришлари керак.
Ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилган одам савдосидан жабрланган болаларга қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат таълим муассасаларига қатнаш имконияти берилади.
Агар одам савдосидан жабрланган болалар ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган бўлса ёки ўз оиласи турган жойдан бехабар бўлса, уларнинг ота-онасини ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларни қидириш чоралари кўрилади.
Одам савдосидан жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари ва уларга бериладиган бошқа кафолатлар
Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, терговчи, прокурор, судья одам савдосида гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш хоҳишини билдирган одам савдосидан жабрланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган хавфсизлик чораларини кўради.
Агар одам савдосидан жабрланган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жабрланувчи деб топилган бўлса ёки жиноят иши бўйича гувоҳ бўлса ёхуд одам савдосида гумон қилинаётган шахсларни аниқлашда тегишли органларга ёрдам бераётган бўлса, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, терговчининг, прокурорнинг, судьянинг асослантирилган илтимосномасига кўра бундай шахсга нисбатан одам савдосида айбдор шахслар хусусида жиноят иши бўйича қарор чиқарилгунига қадар, депортация чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Бунда одам савдосидан жабрланган шахсга унинг Ўзбекистон Республикасига кириши ҳолатларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш ҳуқуқи берилиши керак.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган хавфсизлик чоралари қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:
одам савдосидан жабрланган қайси шахсларга нисбатан тезкор-қидирув тадбирлари, терговга қадар текширув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси ўтказилаётган бўлса, шу шахслар билан алоқани уларнинг мажбурловисиз тиклаган бўлса;
шахснинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишга бўлган хоҳиши ёлғон эканлиги ёхуд шахснинг жавобгарликдан бўйин товлаш усули эканлиги ишончли тарзда аниқланган бўлса.
Одам савдосидан жабрланганлар мажбурлов ёки таҳдид остида содир этилган қилмиш учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади.
Одам савдосидан жабрланганларнинг таъминоти ва уларни реабилитация қилиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш
Суд томонидан одам савдосида айбдор деб топилган шахслар одам савдосидан жабрланганларнинг таъминоти ва уларни реабилитация қилиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплайди.
Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди раиси С.Низомов