Туманимиз ғалла етиштириш бўйича вилоятда етакчи ўринларда эътироф этилади. Ҳудудда жорий йилда ҳам бу жараёнга алоҳида масъулият билан ёндошилмоқда.
Ҳозирги кунда барча миришкорлар ҳамда соҳа мутахассислари учун бошоқли дон экинлари экилган ҳар гектармайдондан юқори ва сифатли дон етиштириш устувор вазифа қилиб белгиланган.
Эрта баҳорда тупроқ таркибидаги озуқа моддалари миқдори камайиб кетиши оқибатида, ўсимлик қишдан “эътиборталаб” бўлиб чиқади. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бундай ҳолатларда ғаллани минерал ўғитлар билан табақалаштирилган ҳолда, илдизидан ҳамда баргидан озиқлантириш, турли касаллик, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши кураш чораларини ўз муддатида қўллашда гербицидлар, занг касаллигига қарши фунгицидлар ҳамда хасва ва бошқа ҳашоратларга қарши курашиш учун инсектицидлар заҳирасини яратгани ҳолда, суғоришни тўғри ташкил этиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш талаб этилади.
Бу эса, ўз навбатида, кўчат қалинлигини барқарорлаштиради. Шунингдек, ўсимликда тупланиш жараёнини жадаллаштиради, 1-м2 майдонда
550-600 тагача маҳсулдор поя ҳосил қилишга замин яратади. Эрта баҳорги озиқлантиришни ўз муддатида ўтказиш ҳисобига ҳар гектаридан
4-6 центнергача қўшимча ҳосил олишга эришилади. Бу жараёнда азотли ўғитлар меъёрини аниқлашда ўсимликларда ўсиш даврининг бошланиши муҳим ўрин тутади.
Шу билан биргаликда, баъзи ҳолларда ўсимликларда ривожланиш жараёни кеч бошланиши натижасида уларда озуқа моддалар ўзлаштирилиши пасаяди. Бунда ўсимликда генератив органлар ривожланишини кучайтириш мақсадида азотли ўғитларни йиллик меъёрига нисбатан 25 фоизга эмас, балки 30 фоизга ошириш тавсия қилинади. Бироқ, эрта баҳорги озиқлантиришда азот меъёрини тўғри танлаш ҳам ўта муҳим. Бу жараёнга озгина эътиборсизлик қилиш натижасида ўғитнинг ўзлаштирилиш кўрсаткичини кескин тушириб юбориш мумкин.
Бундан ташқари, экинларни суғоришда ҳам қўшимча озиқлантириш мақсадида жамғарилган маҳаллий ўғитларнинг 50-60 фоизини шарбат усулида оқизилиши яхши самара беради.
Бунинг учун, ғалла майдонларининг сув кириш қулоқларида шарбат ўраларини қазиш ва ҳар бир гектар майдонга 5 тоннадаги маҳаллий ўғит жамғариш тавсия этилади. Шарбат учун тайёрланган гўнг албатта чиритилган бўлиши шарт, акс ҳолда турли хил бегона ўтлар ва айрим касаллик тарқатувчи замбуруғ спораларининг урчишига сабаб бўлади.
Шунинг учун маҳсус ҳандақлар кавланиб, уларни маҳаллий ўғитлар билан тўлдириш ёки устини тупроқ уюми билан кўмиш орқали 4-5 ой давомида чиритилиши керак.
Шунингдек, ғаллани суғоришда сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш мақсадида контурлардаги сув йўлларини картага тушириш, биринчи навбатда, сув тармоқларини тозалаш, суғоришни сув манбаидан узоқда жойлашган майдонлардан бошлаш лозим.
Умуман олганда, баҳорги мавсумда малакали агроном ва энтомологларнинг хулосаларини инобатган олган ҳолда, турли касаллик, зараркунанда, ҳашарот ва бегона ўтлардан кучли зарарланган майдонларда тегишли чора-тадбирларни кучайтириш зарур. Фермерларимиз агротехник тадбирларни белгиланган муддатда, маромига етказиб бажарсаларгина жорий йилда ҳам ғалладан мўл ҳосил кўтаришга эришадилар.
Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, 2022 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларидан сифатли ва мўл ҳосил олишни таъминлаш мақсадида, мазкур майдонларда агротехник тадбирларни белгиланган тартиб ва муддатларда сифатли бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан қатьий ва тизимли назорат ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг
Жиззах вилояти Зафаробод тумани бўлими бошлиғи Нодир Ҳакимов