Картошка халқимиз таъбири билан айтганда, иккинчи нон. Чунки у ҳам нон каби меъдага тегмайди. У нафақат тўйимлилиги, балки шифобахшлиги билан хам ўзига ҳосдир. Картошка таркибида оқсил, ёғ, углеводлар, органик кислоталар, В1, В2, РР, С, D, K, E, A витаминлари, натрий, калий, магний, кальций, темир, фосфор, йод каби элементлар мавжуд.
Бошқа жиҳатдан, «иккинчи нон» атамасининг ўзи унинг ижтимоий аҳамиятини белгилайди ва озиқ-овқат истеъмолида мухим ўрин тутади. Унинг сифатли ва арзон бўлиши ҳар бир оила фаровонлигига таъсир қилади.
Ҳозирги кунда 156 мамлакатда йилига 377 миллион тоннага яқин картошка етиштирилади. Хитой, Хиндистон, Россия, Украина, АҚШ, Германия, Бангладеш, Польша, Франция ва Нидерландия энг етакчи ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади.
Ўзбекистон бу рўйхатда 23-ўринда туради. 2020-йилда барча тоифадаги хўжаликларда 2,9 миллион тонна картошка етиштирилди, шундан 1,5 миллион тоннаси фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келди.
Юртимизда картошка етиштириш ҳажмлари йилдан йилга аҳоли сонидан хам тезроқ, ўсиб боряпти. Натижада 2000 йилдан 2020 йилга қадар аҳоли жон бошига картошка етиштиришнинг йиллик ҳажми 29,5 килограммдан 91 килограммгача, яъни 3 баравардан кўпроқ ўсган.
Бу жуда катта муваффақият. Лекин таҳлиллар картошканинг қайси навини қаерга экиш аниқ ҳисобга олинмаётгани, айниқса, фермер ва томорқа хўжаликларида топилган уруғ қадалаётгани, пировард натижада ҳосилдорлик паст даражада бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шу боис, юртимизга истеъмол учун йилига 200-300 минг тонна, уруғлик учун 17 минг тонна картошка четдан келтирилади.
Ўзбекистонга юқори авлодли уруғлик картошка етказиб берувчи асосий давлатлар Нидерландия ва Россия ҳисобланади. Бундай картошканинг нархи транспорт харажатлари ва сотувчи устамасидан келиб чиққан ҳолда, уни мустақил равишда етиштириш имконига эга бўлган мамлакатларга қараганда камида икки баравар юқори бўляпти. Уруғлик картошка қиймати эса одатда уни етиштириш харажатларида энг катта улушни эгаллайди.
Қайд этганимиздек, уруғлик элита навларининг асосий қисми юртимизга четдан олиб келинади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги «Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ана шу хужатлар ҳисобга олиниб, хориждан келтирилаган уруғлик 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатга божхона божидан озод этилган. Шу вақт мобайнида мамлакатимизда соҳа уруғчилигини ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Хусусан, картошка экиш учун мўлжалланган экин майдонининг камида 50 фоизида суперэлита ва (ёки) элита ва авлод уруғларини етиштиришни йўлга қўйилишини таъминланиши белгиланган. Уруғлик картошкани сақлаш, саралаш, етказиб бериш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш, соҳага илғор технологиялар, инновацион ечимлар ва илм-фан ютуқларини жорий этиш хам устувор вазифалар сарасига киради.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, картошканинг Ўзбекистон ҳудудида экиш учун тавсия этилган 131 та нави давлат реестрига киритилган, шундан 19 таси маҳаллий илмий тадқиқот институтлари томонидан яратилган.
Картошкачилик соҳасини ривожлантириш ҳамда янги навлар яратишда Жахон картошкачилик маркази (CIP) билан хамкорликда ишланмоқда ва ботаник уруғлардан картошка етиштиришга катта аҳамият берилмоқда. Унинг асосий мақсади картошка ишлаб чиқариш соҳаси салоҳиятини оширишга қаратилган бўлиб, бунга навларни рўйхатга олиш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар йўналишини модернизациялаш, юқори сифатли картошка ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва тайёр махсулотларни омборхоналарда сақлаш шароитларини яхшилаш орқали эришилади.
Картошкачилик соҳаси салохиятини ошириш, янада юқори, барқарор ҳамда сифатли маҳсулот етиштириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хам хизмат қилади. Сифатли уруғ — бўлиқ ҳосил, деганларидек, картошкачиликнинг инновацион усуллар ва замонавий технологиялар асосида ривожлантирилиши дастурхонимизда «иккинчи нон» нинг тўкин бўлишига мустаҳкам замин яратади.
“Ўзагроинспекция”нинг Зафаробод
туман бўлими катта инспектори А.Тажикулов