Жорий йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларининг моддий таъминотини яхшилаш ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан,
1) 1941–1945 йиллардаги уруш фахрийларини ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари ўрнига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (300 минг сўм) миқдорида қўшимча тўлов тўлаш;
2) 1941–1945 йиллардаги уруш фахрийларини ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга етказиб бериладиган зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ўрнига кийим-кечак хариди учун ҳар йили август ойида бир маротаба тўланадиган базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари (4,5 млн.сўм) миқдорида компенсация тўлаш жорий этилади.
Маълумот учун, шу вақтга қадар, қуйидаги тоифадаги шахсларга:
а) Тибий-ижтимоий хизматлар агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари орқали ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронлиги бўлган шахсларга 19 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари ҳамда 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийларини ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга ҳар ойда 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари етказиб берилган (мазкур тоифадаги шахслар сони 4400 нафарни ташкил этиб, уларга берилаётган озиқ-овқат ва гигиена товарларининг бугунги кундаги ўртача қиймати 213 минг сўмдан 282 минг сўмгачани ташкил этган);
б) туман (шаҳар) маҳалла бўлимлари ва “Нуроний” жамғармаси томонидан 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари, Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга ҳар йили 10 турдаги зарур кийим-кечак ва пойабзаллар бепул тақдим этиб келинмоқда (мазкур тоифадаги шахслар сони 221 нафарни ташкил этиб, тарқатиладиган кийим-кечакларнинг бугунги кундаги ўртача қиймати 2 млн.сўмни ташкил этади).
Мазкур қарор ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва уруш фахрийларининг мурожаатларини инобатга олган ҳолда қабул қилинган бўлиб, эндиликда улар қўшимча тўлов ва компенсация пуллари ҳисобига ўзлари хохлаган турдаги ва миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини, гигиена товарлари ёки кийим-кечакларни харид қилишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари юқоридаги қарор лойиҳаси билан ушбу шахсларга маҳаллий бюджет, “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда моддий ёрдам ва ижтимоий хизматлар кўрсатилишини белгиланмоқда.
Молия вазирлиги Ахборот хизмати.