Давлат раҳбарининг 173-сонли Қарорига асосан жорий йилнинг 1-августдан ҳудудлардаги барча мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, давлат солиқ инспекцияси ҳамда яна бир нечта давлат ташкилотларига юридик марказ томонидан хизмат кўрсатиш белгиланган.
Жорий йилнинг 15 июль куни Жиззах вилояти адлия бошқармаси, Зафаробод туман адлия бўлими ҳамда "UNICON-SOFT" МЧЖ нинг "E-huquqshunos" электрон ҳужжат алмашиш тизимига маъсул ходимлари иштирокида электрон тизим бўйича янгидан қамраб олиниши назарда тутилган давлат ташкилотлари, умумий таълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ва оилавий поликлиникаларнинг ходимлари иштирокида ўқув семинар машғулоти ўтказилди.
Семинар машғулоти давомида Адлия бўлими ва "UNICON-SOFT" МЧЖнинг масъул мутахассислари томонидан давлат ташкилотлари, уларнинг қуйи тизими томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларни "E-huquqshunos" электрон тизимига бириктириш, улар билан ишлаш, улар бўйича ҳуқуқий ҳулосалар олиш тартиби ва масалалари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Зафаробод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.