ЗАФАРОБОД. “Жиззах вилояти Зафаробод туманидан мурожаат қилмоқдаман. Туман ҳокимлиги ҳали қурилганига 2-3 йил бўлмаган жойларни бузиб, қайта қуриб давлат пули исроф бўлишига сабаб бўлмоқда. Масалан, ремонт бўлганига ҳали 2 йил бўлмаган касб-ҳунар мактабини қайта буздириб, Президент мактаби очамиз деб қайта таъмирлашмоқда. Яқин кунларда ўқув машғулотлари бошланиши лозим бўлган бино таъмири чала ҳолда ётибди.
Алишер Навоий хиёбонидаги брусчаткалар яроқли ҳолатда бўлса ҳам, олиб ташлаб қайта брусчатка ётқизилган. Ваҳоланки, хиёбон қурилишига 6 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағи сарфланган. Бу каби ҳолатларни қандай изоҳлаш мумкин? Мутасаддилар, хусусан, Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовдан ҳолатни назоратга олишини сўраймиз” мазмунида фото суратлар илова қилиниб, хабар тарқалган.
Мазкур акс этган ҳолатлар бўйича Зафаробод туман ҳокимлиги ходимлари томонидан атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар натижасида Зафаробод тумани Алишер Навоий хиёбони 2021 йилда яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли, хиёбон лойиҳа хужжатлари асосида таъмирланган. Ушбу объект бўйича қурувчи танлаш мақсадида электрон тендерга чиқарилган ва "Диёр Абдулатиф" МЧЖ ғолиб бўлган. А.Навоий хиёбонида бир қанча амалий ишлар олиб борилиб, эски брусчаткаларни яроқлилари қайта ишлатилиб, яроқсизлари ҳозиргача сақланмоқда.
Ушбу объект Зафаробод тумани аҳолисининг жамоатчилик фикри асосида таъмирланди. Хозирги кунда туман аҳолиси учун маданий дам олиш масканига айланган. Тумандаги ҳар хил кўнгилочар тадбирлар хиёбонда ташкил этилган. Хозирги кунда туман тадбирлари ва байрамлари Амфитеатр масканида ўтказилмоқда. Туман аҳолиси учун ушбу маскан қайта барпо этилиб, хозирги кунда туман аҳолиси хушманзара яшил майдон бўлганидан мамнун.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги иқтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги ПФ-106-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда таълим муассасалари объектларида қурилиш- таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини жадаллаштириш, шунингдек, ўқувчилар ва ўқитувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида, Зафаробод тумани Касб-хунар мактабини таъмирлаш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда ушбу бинони таъмирлаш ишлари бошланган бўлиб, “Жиззахтуманлараросувтармоқтаъмир” МЧЖ томонидан бинонинг том қисми ҳамда демонтаж ишлари олиб борилмоқда.
Зафаробод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.