Ассалому алайкум қадрли устозлар, ҳурматли ота-оналар ва азиз ўқувчилар!
Бугун биз сиз билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётган, ҳусусан Зафаробод туман халқ таълими бўлимига қарашли 10-умумий ўрта таълим мактабида янги 2022-2023 ўқув йилининг дастлабки “Билимлар куни”да йиғилиб турибмиз.
Ушбу тадбир ватанимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 31 йиллиги байрам тантаналари давом этаётган бир вақтда “Янги Ўзбекистонда Эл азиз, Инсон азиз!” шиори остида бўлиб ўтмоқда.
Тарихан қисқа давр мобайнида заҳматкаш халқимизнинг фидокорона меҳнати, мамлакатимизда рўй бераётган бунёдкорлик ишлари, қудратли давлатлар сафига қўшилишимиз, ёшларимиз ўзларининг инновацион ғоялари, истеъдоди ҳамда иқтидори билан халқаро майдонга чиқишлари - мустақиллигимиз шарофати десак, асло муболаға бўлмайди.
Бизнинг муқаддас бурчимиз жондан азиз болаларимизга замон талаблари даражасида билим бериш, уларни ҳақиқий ватанпарвар этиб тарбиялаш, вояга етказишдир.
Муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев айтганларидек “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”. Юртбошимизнинг шахсан ўзлари бошчилигида тизимни тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ўқитувчи нуфузи ва шаъни, қадр-қимматини кўтариш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, яратилаётган имкониятларга жавобан туманимиз таълим муассасаларида ҳам янгиланишлар ўзининг самарасини яққол кўрсатиши зарур. Бу ўз ўрнида ҳар бир тизим ҳодими, айниқса ўқитувчилар зиммасига янада юксак масъулият ва вазифаларни юклайди.
Таълим тизимининг бугунги кундаги асосий вазифаси ёшларни ватанпарвар, замонавий билим, кўникма ва малакаларини ўзлаштирган хамда жамиятда ўз муносиб ўрнини эгаллашга қодир баркамол авлодни вояга етказишдир. Шунинг учун ишончли ворислар тарбиялашдек устувор мақсадлар йўлида изчиллик билан амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари ўзининг самарадорлик мезонларига эга бўлиши зарур.
Мактабларимизда янги 2022-2023 ўқув йилидан жами 700 нафар фан ўқитувчилари фаолият олиб боришади шундан: 637 нафари Олий маълумотли, 41 нафари ўрта маҳсус 22 нафари тўлиқсиз олий маълумотли ўқитувчилар бўлиб ўрта махсус маълумотлилар 5,8 % ни ташкил этади.
Президентимизнинг тегишли қарорига асосан миллий ва халқаро даражадаги С1 сертификатини олган 3 нафар инглиз тили ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилмоқда.
Ўтган ўқув йилида жами 8036 нафар ўқувчилар мактабларни якунлаган бўлиб, янги ўқув йилида мактабларга жами 1010 нафар 1-синф ўқувчилари қабул қилинди.
2022-йилда мактабларимизни тамомлаб, юртимиздаги давлат олий таълим муассасаларига ҳужжатларини топшириб талаба бўлган 107 нафар битирувчиларимиз билан фаҳрлансак арзийди.
2021-2022 ўқув йили давомида белгиланган индикаторлар ёрдамида мактаб маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги рейтинги аниқланди. Ўқув йили якуни билан туманимиздаги 20 та таълим муассасасидан 19 таси “Яшил”, 1 та мактаб “Сариқ мактаб” лар тоифасига киритилди.
2021-2022 ўқув йили давомида ўқувчилар томонидан жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш каби ноҳуш ҳолатлар содир этилмади.
Бундан ташқари 10-умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчиси Наврўзова Чарос "Менинг Президентим" ижодий ишлар танлови Республика босқичида “Ўзбекистондаги янги тараққиётни кенг ёритган иншо” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди;
3-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Суюнова Шахноза "Конститутция эркинлигимиз кафолати" Республика кўрик танлови вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаб Республика босқичида “Ўткир қалам сохиби” номинацияси ғолиблигини қўлга киритди;
13-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Хидиров Азимбек "Янги Ўзбекистон ёшлари диний экстремизм ва терроризмга қарши бирлашамиз" кўрик-танловида вилоятда фахрли 3-ўрин сохиби бўлган;
3-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Жалилова Севинч "Зулфияхоним қизлари" республика кўрик танловининг вилоят босқичида "Публицистика ва драма йўналиши" да 1-ўрин;
10-мактаб жамоаси “Энг намунали мактаб сардорлар кенгаши” Республика кўрик танловининг вилоят босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб Республика босқичида “Энг креатив жамоа” номинатцияси ғолиблигини қўлга киритган.
Мактаблардаги фан ўқитувчиси лавозими учун ish.mehnat.uz сайти орқали эълонлар бериб борилмоқда. Онлайн ариза топширган номзодлар мутахасисликлари бўйича эхтиёж мавжуд бўлган таълим муассасаларига ўқитувчи лавозимига қабул қилинади.
Туманимизда “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳам ўз фаолиятини олиб борётган бўлиб, ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Мактабда «Ахборот технологиялари», «Дастурлаш», «Мехатроника» ва «Робототехника» йўналишлари бўйича тўгарак аъзолари сони 2019-йилга нисбатан 32,7 % га ўсди бу 439 нафарни ташкил этади.
“Баркамол авлод” болалар мактаби туман, вилоят ва Республика миқёсида ўтказилаётган тадбирларда муносиб иштирок этиб совринли ўринларни банд этиб келмоқда.
Туманидаги 20 та умумтаълим мактабларида 33 та компьютер синфлари мавжуд бўлиб, жами 330 дона замонавий компьютерлар келтирилган ва барчаси тезкор интернет тармоғига уланиб ҳозирги кунда таълим жараёнида фойдаланиб келинмоқда.
Ҳозир биз сиз билан гувоҳи бўлиб турганимиз 10-сонли мактабнинг қўшимча биноси ва фаоллар залида “Очиқ бюджет” порталида энг кўп овоз йиғиш натижасида 729 млн сўмлик жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилди.
Шунингдек, Баркамол авлод болалар мактаби бюджетнинг 150 млн сўм маблағи хисобига жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилди.
12-умумтаълим мактаби биноси “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 847 млн сўмлик, “Очиқ бюджет” портали орқали фаоллар зали хамда 100 ўринли ошхонасини 340 млн сўмлик жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилди.
“Очиқ бюджет” портали орқали 6-сонли мактаб 536 млн сўм ҳисобига замонавий мини футбол майдони қуриш ишлари якунланиш арафасида.
“Очиқ бюджет” порталида энг кўп овоз йиғиш натижасида 1-сонли мактаб 149,9 млн сўмга 6 дона, 17-сонли мактабга хам 249,7 млн сўмлик 10 дона замонавий интерактив доска олиб келиб ўрнатилди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Фурсатдан фойдаланиб яна бир бор сизларни улкан шодиёна Республикамиз Мустақиллигининг 31 йиллиги байрами билан чин юракдан самимий муборакбод этаман.
Сизлар орқали бутун таълим фидойиларига халқ таълими тизимининг барча сохаларида ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиб, ёшларни ҳар томонлама етук, баркамол, комил инсонлар қилиб тарбиялашдек шарафли ва масъулиятли ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, бошланган барча эзгу ишларимизда яратганнинг ўзи мададкор бўлиб, халқимизнинг турмуши фаровон бўлсин!
Эътиборларингиз учун раҳмат!
Зафаробод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.