Бўлиб ўтган давра сухбати давомида туман суди раиси Низомов Сардор Ички ишлар бўлими ва Миллий гвардия ходимлари томонидан баённома расмийлаштиришда йўл қўйиладиган хатолар, холис ва гувохларни ишга жалб қилиш тартиби ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди. Аввало “Ушлаб турилган шахснинг қандай ҳуқуқлари бор? Унга нисбатан жисмоний куч қўлланилиши мумкинми? Шахс қанча муддатга ушлаб турилиши мумкин?” каби саволларга жавоблар изланди.
Дастлаб, ушлаб туриш нима эканлигига аниқлик киритилди. Ушлаб туриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноий фаолият билан шуғулланишга барҳам бериш мақсадида қўлланилади. Шунга кўра, ушлаб туришнинг икки тури мавжуд: маъмурий йўл билан ушлаб туриш ва жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб туриш. Бундан ташқари, ИИБ ходимлари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган кишининг шахсини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларига боришини сўрашлари мумкин. Маъмурий йўл билан ушлаб туриш МЖтКнинг 285-моддасига биноан маъмурий йўл билан ушлаб туриш қуйидаги ҳолларда яъни, бошқа таъсир кўрсатиш чоралари қўлланиб бўлинганидан кейин маъмурий ҳуқуқбузарликни тўхтатиш мақсадида, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш, башарти баённома тузиш зарур бўлиб, уни ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида тузиш имкони бўлмаган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш, ишларнинг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини таъминлаш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарилган қарорларни ижро этиш мақсадида қўлланилади. Шахсни қанча муддат ушлаб туриш мумкин? МЖтКнинг 288-моддасига биноан, маъмурий йўл билан ушлаб туриш уч соатдан ортиқ давом этиши мумкин эмас, алоҳида зарурат муносабати билан қонун ҳужжатларида бошқача муддатларнинг белгиланиши бундан мустасно. Агар шахс ўзининг шахси тўғрисидаги маълумотларни яширса ёки МЖтКнинг 288-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликлардан бирини содир этган бўлса, у ҳолда 24 соатдан кўп бўлмаган муддатга ушлаб турилиши мумкин. Маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддати ҳуқуқбузарни баённома тузиш учун олиб келиш пайтидан бошланади, маст ҳолдаги шахслар учун эса улар ҳушёр тортган вақтдан бошланади дейди, туман суди раиси С.Низомов.
Шу тариқа амалиётда дуч келинаётган муаммо ва камчиликларга тушунтиришлар берилди.
Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг раиси
С.Низомов