Маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликдаги ислоҳотлар
Зафаробод туман Адлия бўлими томонидан Зафаробод туман ИИБ 30-сонли манзил колониясида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Бунда асосан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 15 февралдаги ЎРҚ-817-сонли Қонунига мувофиқ, айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги бўйича батафсил тушунчалар берилди.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратилишини, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда, шу жумладан озодликдан маҳрум этиш жойларида маҳкумларни сақлаш шарт-шароитларини инсонпарварлик нуқтаи назаридан янада яхшилашни назарда тутувчи қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, жиноят-ижроия амалиёти таҳлили ва жамоатчилик билан тўғридан-тўғри мулоқот натижалари маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, уларни сақлаш шарт-шароитларини янада яхшилаш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, шунингдек жазони ижро этиш муассасаларида меҳнатга жалб этилган маҳкумларга ҳақ тўланадиган ишлаш даврини уларнинг умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш зарурлигини кўрсатмоқда.
Эндиликда, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Шунингдек, “Жиноят-ижроия кодекси”га маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини аниқлаш мезонлари киритилди.
Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги комиссия томонидан ҳар чорак якунларига кўра қуйидаги мезонлардан бири асосида белгиланади:
маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шаклланганлиги, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши;
маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, унинг ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлишга интилиши;
маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасида ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилганлиги, унга интизомий жазо чораси қўлланилмаганлиги.
Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия томонидан расмийлаштирилади ва маҳкумнинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади.
Зафаробод туман Адлия бўлими бошлиғи Б.Икромов