Коррупцияга қарши кураш борасидаги ислоҳотлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида муҳим масала – коррупцияга қарши кураш борасида ислоҳотлар муҳокама қилинган эди.
Жумладан, 143 та давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилиб, 35 та идорада талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ва хизмат кўрсатиш вақти 2 ҳисса қисқарди. Бюджет харажатлари, давлат харидлари, ер, бино ва иншоотларни олди-сотди қилиш жараёнларига ошкоралик ва очиқлик тамойиллари жорий этилди.
Ҳаммамизга маълумки 2020 йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этиш ҳақидаги фармонни қабул қилди.
Агентлик тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан бирга қуйидаги вазифаларни амалга ошириши белгиланган.
Биринчидан, барча вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари ўз ҳудудларида, тармоқ раҳбарлари ўз тизимларида Агентлик билан бирга бир ой муддатда Коррупциядан ҳоли дастурини ишлаб чиқади. Бунда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда соҳаларни рақамлаштириш энг асосий вазифа бўлади.
Иккинчидан, коррупциянинг олдини олишда таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилади. Жумладан, Агентлик коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолатини таҳлил қилиб, ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига миллий ҳисобот киритиб боради.
Шунингдек, Агентлик кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бирга аҳоли ва тадбиркорларнинг коррупцияга муносабатини ўрганиб бориши ва давлат идоралари фаолиятини баҳолаб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Учинчидан, коррупцияга қарши курашишда кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор берилади. Бунинг учун Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университетида коррупция муаммоларини ўрганиш бўйича алоҳида ўқув модули, махсус кафедра ва магистратура мутахассислиги очилади. Шунингдек, раҳбар ходимлар, айниқса, ҳокимларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини шакллантириш бўйича малака ошириш курслари ташкил этилиши белгиланган.
Лазизбек ОБИДОВ
Жиноят ишлари бўйича
Арнасой туман судининг раиси