Зафарободда ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилди.
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Оила жамиятнинг асосий бўғини, замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам. Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор. Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 16 июнь Зафаробод тумани ҳокимлигида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан режа-график асосида қабул куни бўлиб ўтди. Ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни шахсан туман ҳокими Н.Раджапов ва Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ш.Мавлонова билан биргаликда, ҳар бир оила билан якка тартибда шуғулланиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Оилалар билан суҳбат жараёнида оила муқаддас эканлиги, ажрим муаммога ечим бўла олмаслиги хақида гапириб ўтилди. Шунингдек, “Лолазор” ҚФЙ, “Чимқўрғон” ҚФЙ, “Чўлигулистон” ҚФЙ, “Нурафшон” ШФЙ, “Ёрқин” ШФЙ ва “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги нотинч ва муаммоли оилалар рўйхати шакллантирилган. Масъуллар томонидан мазкур оилаларнинг муаммоларига биргаликда ечим топилиб, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чора-тадбирлари кўрилди.
Яъни эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир тараф билан алоҳида суҳбатлар олиб борилиб, муаммоларнинг туб моҳияти аниқланди. Нотинч оилалар муросага келтирилиб, бундай оилаларга маҳалладаги намунали оилалар ва маҳалла фаоллари бириктирилди. Натижада 2 та оилавий ажримларнинг олди олиниб, эр-хотинлар яраштирилди. Энг қувонарлиси, бунинг самараси ўлароқ, 5 нафар боланинг ота-она бағрида ўсишликга эришилди.
Зафаробод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.