Зафаробод туманида "Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш" бўйича учрашув ўтказилди.
Гиёҳвандлик бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳа мутахассислари ушбу муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандлик юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Инсоният келажаги учун, миллатлар истиқболи учун, кишилар саломатлиги ва умуман ер юзида яхшилик ҳукм суриши учун қайғураётган кишилар дунё бу масалада ҳалокат жари томон одимлаб кетаётгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқдалар. Кундан-кунга кўплаб кишилар, ёшлар, аёллар ва болалар гиёҳвандликнинг ҳалокат тўрига илинишмоқда. Гиёҳвандликнинг кишилар соғлигига, оилаларга, иқтисодга, одоб-ахлоққа, умуман, инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди соат сайин ортиб бормоқда.
Аҳолини мазкур иллатдан огоҳ бўлиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва бу иллатга оид жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Зафаробод туманида ҳам турли учрашув ва семинарлар ўтказилиб, ушбу “заҳри қотил”нинг қандай аянчли оқибатларга олиб келиши кенг тушунтирилмоқда. Жорий йилнинг 23 июн куни хафтанинг “Пайшанба-жиноятчиликни олдини олиш ва профилактика куни” ҳамда, 26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан “Биз соғлом турмуш тарзини танлаймиз” шиори остида учрашув ўтказилди. Учрашувда туман Хокими 1-ўринбосари Қ.Ризаев, туман ИИБ бошлиғининг ЖХХ ўринбосари майёр М.Нурматов ҳамда ИИБ ЖХХ ҲТБ катта инспектори майёр Н.Ашуровлар иштирок этди.
Учрашувда, ушбу иллатга ружу қўйганларнинг, айниқса, ёшларнинг бу ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги носоғлом муҳит, ёшларнинг бўш вақтини бекор ўтказиши ва ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясига бепарволиги каби омиллар сабаб бўлиши мумкинлиги тушунтириб ўтилди. Бир сўз билан айтганда, гиёҳвандлик инсониятни жиноятчиликка элтувчи энг қисқа йўлдир. Жойларда бу каби профилактик тадбирларнинг ўтказилиши ушбу салбий иллатдан аҳолини асрашга ва бу иллатга қарши инсонлар онгида муросасизликни шакллантиришга хизмат қилади.
Зафаробод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.