“Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 июлгача: оммавий ахборот воситалари фойда солиғини 50 фоиз камайтирилган ҳолда тўлайди; Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади. 2023 йилдан давлат органлари ва ташкилотларига 110 нусха босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш бекор қилиниб, давлат органлари томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилинади. 2022 йил 1 октябрдан болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири БҲМнинг 300 бараваригача (90 млн. сўмгача) бўлган танлов эълон қилинади. Ҳар чоракда ОАВда эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар БҲМнинг 50 бараваригача (15 млн сўмгача) миқдорда пул билан тақдирланади.
Зафаробод туман Адлия бўлими бошлиғи Б.Икромов