Оилавий зўравонлик сабаблари нимада?
Ҳар бир оилавий зўравонликнинг ўзига яраша сабаблари бор. Аммо уларга олиб келувчи омиллар қатор умумийликка эга. Ўзбекистон шароитида оилавий зўравонликни характерловчи қуйидаги асосий хусусиятлар фарқланади: зўравоннинг жисмонан кучлилиги (кўпинча эркакнинг аёлга, ота-онанинг фарзандга нисбатан зўравонлиги), зўравонликнинг бир шахсга нисбатан кўпчилик бўлиб содир этилиши (учинчи шахсларнинг аралашуви), жабрланган шахснинг муаммо билан ёлғиз қолиши (ҳуқуқий саводсизлик, ижтимоий ёлғизлик) ва жабрланган шахсга ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам бериш механизмининг заифлиги.
Оилавий зўравонликка барҳам бериш қийинлигининг сабабларини мушоҳада қилганда, менталитетга хос хусусиятларни эътибордан қочирмаслик лозим. Ўзбек оилаларида шахсий ҳаёт, оилавий сир – муқаддас ва халқимиз бу маънода анча консерватив ҳисобланади, яъни кўпчилик ҳолатларда оиладаги зўравонлик оиладан ташқарига чиқмайди.
Ўзбек оилалари одатда кўп аъзолик, яъни нафақат эр ва хотин, балки уларнинг қариндошлари ҳам муносабатлар занжирида муҳим роль ўйнайди. Қайнона, қайнота ва бошқа қариндошларнинг оиладаги келинга зулм қилиши, унинг сўзсиз бўйсунишини, ҳеч қандай имтиёзлар талаб қилмаслигини исташи ёки ота-онанинг фарзандга, келинларнинг бетоб қайнона ёки қайнотага босим ўтказиши каби ҳолатлар кузатилади. Афсуски, ана шу вазиятлар аксар ҳолларда жавбрланувчининг ўз жонига қасд қилишига ёки охирги, критик нуқтага етиб боргунча зулмга бардош бериб, жиддий тан жароҳатлари, руҳий зарбалар олишига, соғлиғини тикланмас даражада йўқотишига сабаб бўлади.
Ачинарлиси кўпинча жабрланувчининг ўзи мурожаат қилмайди ёки ишни жавобгарни жазолашгача олиб бормай, даъвосини қайтариб олади. Жазоланмаган жиноятлар эса такрорланиши сир эмас.
Жиззах вилоят судининг судьяси А.Хомидов.