Телефонлар:
(0372) 472-24-20
(0372) 472-24-20
» » Мустақиллигимизнинг қутлуғ 31 йиллиги муносабати билан туман ҳокими Рахманов Ўткирбек Норжигитович байрам табриги.

Мустақиллигимизнинг қутлуғ 31 йиллиги муносабати билан туман ҳокими Рахманов Ўткирбек Норжигитович байрам табриги.

28 август 2022 йил
342
0

 Ассалому алайкум азиз юртдошлар!

Ҳурматли меҳмонлар ва байрам тадбиримиз қатнашчилари!

Мустақил Ўзбекистонимиз миллий тараққиёт йўлининг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилаётган, “Янги Ўзбекистон” барпо этилаётган бугунги кунда, биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шу кунларда мустақил диёримизнинг барча ҳудудларида, вилоят, туман марказлари, чекка ва олис қишлоқларида, юртдошларимиз давлат мустақиллигининг 31 йиллиги байрамини “Янги Ўзбекистонда - эл азиз, инсон азиз” номли улкан ғояни ўзида мужассам этган жуда катта қувонч билан байрам қилинмоқда.

Ҳурматли юртдошлар!

1991 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилинди. Мустақиллигимиз осонлик билан қўлга киритилмаганлиги, унинг замирида машаққатли қийинчиликлар, кўплаб тўсиқлар, қаршиликларни енгиб ўтишда мардлик ва фидойилик қилинганлиги ҳозирги кунда ҳеч биримизга сир эмас. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида юртимизда барча соҳаларда иқтисодий қийинчиликлар кузатилиб, ўсиш суръатларининг пасайиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг тақчиллиги сезила бошлади. Шундай оғир даврларда давлатимиз раҳбарияти вазиятни тўғри баҳолаб, одилона, адолатли сиёсатни амалга ошириб, жипслик билан муҳитни яхшилашга киришди. Бугунги тадбиримизда ўша йиллари туманимизда раҳбарлик лавозимларида ишлаган фахрийларимиз ҳам иштирок этишмоқда. Мустақиллик бизга келгусидаги ривожланиш йўлимизни белгилаб берди, ўз тарихимизни улуғлашни ўргатди. Меҳнаткаш халқимиз туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида, аҳолининг яшаш турмуш даражасини янада яхшилаш йўлида жуда катта ишларни амалга оширмоқдалар.

Ҳурматли байрам тадбиримиз қатнашчилари!

Мустақилликнинг охирги 5-6 йили давомида бошқа вилоят ва туманлар қатори бизнинг туманимизда ҳам барча соҳа ва йўналишларда туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилди. Туманда йилдан-йилга ўзгаришлар бўлмоқда, ўсишлар кузатиляпти, иқтисодий кўрсаткичларимиз мустаҳкамланиб, аҳолининг турмуш тарзи яхши томонга ўзгариб бормоқда. “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширилаётган ислоҳотларимиз давом эттирилиб, халқимиз эртанги кунга катта ишонч билан қарашмоқда ва юртимизни, қолаверса туманимизни янада гуллаб яшнаши йўлида фидойилик билан меҳнат қилишмоқда.

Азиз юртдошлар!

Юртимиз бўйлаб тадбиркорлик учун кенг йўл очилди. Бугунги кунда тадбиркорларимиз турли хил йўналишларда ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш, саноат, қурилиш, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа кўплаб йўналишларда фаолият юритиб келмоқда.

Истиқлолимизнинг дастлабки йилларида туманимизда 207 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда туманда 78 та оилавий корхоналар, 1 та акциядорлик жамияти, 10 та хорижий корхона, 1080 дан ортиқ кичик бизнес субъектлари, жами 1224 тага яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқдаИслоҳотлар, туб ижобий ўзгаришлар бошқа соҳаларда ҳам жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Сўзимизнинг исботи сифатида туманимизда ҳозирги кунда 12 та давлат тасарруфидаги, 2 та давлат хусусий шерикчилиги асосида фаолият юритаётган боғчалар ва 44 та оилавий мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти йўлга қўйилиб, туманимиздаги 3313 га яқин боғча ёшидаги ўғил-қизларимизнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамрови 84,3 фоизни ташкил этмоқда. Йил якунигача ушбу кўрсаткич 86,0 фоизга етказилади.

Жорий йилда туманимиздаги умумтаълим мактабларида “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 12-умумтаълим мактаби биноси 847,0 млн.сўмлик, Баркамол авлод болалар мактабида 150,0 млн.сўмлик маблағлар ҳисобига таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

“Очиқ бюджет” порталида энг кўп овоз йиғиш натижасида “Писталикент” ШФЙ ҳудудида жойлашган 6-сонли мактаб 536,0 млн.сўм ҳисобига замонавий мини футбол майдони қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, “Узун” ҚФЙда жойлашган 10-сонли мактабнинг қўшимча бошланғич биносини 729 млн.сўмлик жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари “Очиқ бюджет” порталида энг кўп овоз йиғиш натижасида 1-сонли мактаб 149,9 млн.сўмга 6 дона, 17-сонли мактабга ҳам 249,7 млн.сўмлик 10 дона замонавий интерактив доскалар олиб келиб ўрнатилди.

Ҳурматли тадбиримиз иштирокчилари!

Туманимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, боқувчисини йўқотган ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган фуқароларимиз доимий эътиборимизда улар учун жорий йилда 480,0 млн.сўмлик беғараз ёрдамлар кўрсатилди. Маҳаллий бюджетдан 792,0 млн.сўм маблағлар ажратилиб, 15 та уй-жойига эга бўлмаган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор оилаларга уйлар олиб берилди.

Жорий йилда туманимизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида “Писталикент” ва “Чўлигулистон” маҳаллаларида 2,0 млрд.сўм ортиқ маблағ ҳисобига 4,5 км ички йўлларни таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Ушбу ҳудудларда жорий йилда жами 4,6 млрд.сўм маблағ ҳисобига 18,0 км сув тармоғи таъмирлаш, 334,8 млн.сўм маблағ ҳисобига 6,3 км электр тармоғини реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда 3 та янги трансформатор ўрнатиш режалаштирилган. Албатта бу ишларимизнинг барчаси тўлиқ амалга оширилади.

Азиз Зафарободликлар!

Юртбошимиз томонидан ёшларимизнинг маънавиятини янада юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган 5 та муҳим ташаббуслар йўналишида Республика ва вилоят миқёсида ўтказилган танловларда туманимиз ёшлари катта ютуқларни қўлга киритишди. Ғолибларга туманимизнинг “Узун”, “Чимқўрғон”, “Нурафшон” маҳаллаларида воркаут спорт майдончалари қуриб, ёшларимиз ихтиёрига топширилди. Албатта амалга оширилган ишлар бор, ўзгаришлар, янгиликларни кўриб турибмиз лекин бу қилинган ишлар кам, келгусида қиладиган ишларимиз, туманимиз аҳолисини қийнаб келаётган, ечимини кутаётган муаммоли масалаларимиз жуда ҳам кўп. Халқимизнинг фаровон яшаши учун туман раҳбарияти ва идоралар билан келишган ҳолда ўз олдига аниқ режаларни қўйиб, вазифаларни босқичма-босқич амалга оширадилар ва халқимизни рози қилиш бўйича ишларни давом эттирадилар. Бизнинг асосий вазифамиз ва мақсадимиз халқимизни рози қилиш ва шу мақсадда тинимсиз меҳнат қилишдан иборатдир. Мен шу фурсатдан фойдаланиб, сизларни ва сиз орқали туманимиз халқини “Янги Ўзбекистонда - эл азиз, инсон азиз” деган улкан ғояни ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги байрами билан самимий муборакбод этаман.

Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий тинчлик хотиржамлик, дастурхонингизга қут барака, озод ва обод ватанимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатингизда зафар ва омадлар ҳамиша ҳамроҳингиз бўлишига тилакдошман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин.

 

Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин.

Азиз юртдошлар!

Зафаробод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар