“Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–407-сон, 20.10.2022 й.) қабул қилинди
2023 йил 1 январдан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда “Ишга марҳамат” мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади.
Махсус ўқув курсларида кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар ҳамда ушбу тоифадаги вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар – бепул, қолган шахслар – пуллик асосда ўқитилади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқитувчи лавозимига фақат дарс ўтиладиган имо-ишора тилини биладиган педагог кадрлар ишга қабул қилинади.
2023/2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда сурдопедагогика ва тифлопедагогика йўналишлари бўйича давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 25 фоизга оширилади.
2023 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида “Имо-ишора тили бўйича энг яхши таржимон” танлови ўтказилади ва танлов ғолиблари қуйидагича тартибда пул мукофотлари билан рағбатлантирилади:
1-ўрин учун – БҲМнинг 100 баравари;
2-ўрин учун – БҲМнинг 65 баравари;
3-ўрин учун – БҲМнинг 50 баравари.
Зафаробод туман Адлия бўлими бошлиғи Б.Икромов