ФИРИБГАРЛИК ЖИНОЯТИ ТУШУНЧАСИ
Бугунги кунда жамиятимизда кўп учраётган жиноятлардан бири бу фирибгарлик жиноятидир. Шу сабабли ушбу жиноят тушунчаси, уни олдини олиш чоралари ўзининг долзарблиги билан алоҳида ажралиб туради. Зеро, сўнги йилларда, бозор иқтисодиёти шароитида ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш жиноятининг сезиларли даражада кенгайиши кузатилмоқда. Бу ўз навбатида, суд-тергов органлари томонидан ушбу турдаги жиноятларни кўриб чиқиш амалиётининг мураккаблашишига, жиноятчиликни олдини олиш бўйича фуқаролар, айниқса жиноят бўйича жабрланувчи бўлишга мойил бўлган содда, ишонувчан шахслар ўртасида кенг қамровли тарғибот ишлари олиб бориш заруратини олдимизга кўндаланг қўйди.
Фирирбгарлик жинояти алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш билан тавсифланиб, ушбу жиноят учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида жавобгарлик белгиланган.
Фирибгарлик мулкка қарши қаратилган жиноятлар ичида энг кўп тарқалганларидан бири бўлиб, алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлади. Фирибгарликнинг ўзига хос хусусиятлари нафақат унинг содир этилиши усули, балки қонунда махсус белгиланган тажовуз қилиш предмети ҳам ҳисобланади.
Жиноятни содир этиш усулларининг ўзига хослигига қараб фирибгарлик икки турга ажратилади:
-алдаш йўли билан талон-тарож қилиш;
-ишончни суистеъмол қилиш йўли билан талон-тарож қилиш.
Алдаш фирибгарлик билан талон-тарож қилиш усули сифатида айбдорни ҳақиқий мақсадларига (масалан, мулкни қайтариб бермаслик мақсадида қарзга олиш); предметга унинг нархи, миқдори ва сифатига (рангли металлардан фойдаланган ҳолда тилла буюмлар сифатида ҳар хил нарсалар ишлаб чиқариш, тўлиқ бўлмаган товарни тўлиқ нархида сотиш) талуқли бўлиши мумкин. Алдаш, шунингдек, фирибгарнинг шахси, унинг мансаби ва ижтимоий мавқеи, касбига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Ишончни суистеъмол қилиш деганда, айбдор шахс томонидан ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда ўз фойдасига олиш учун ўзи ва мол-мулк эгаси ёхуд мол-мулк эгалиги ихтиёрида турган шахс ўртасида алоҳида, ўзаро ишончга асосланган муносабатлардан қонунга хилоф равишда мулкни ўз фойдасига олиш учун фойдаланиши тушунилмоғи лозим. Ишончга асосланган муносабатлар фирибгар ва жабрланувчи шахс ўртасида прокат, ижара, олди-сотди, топшириқ шартномаси ва ҳоказоларда вужудга келиши мумкин.
Жиззах вилоят суди судьяси А.Хомидов