Алимент пулларини қасддан тўламаган ота жиноий жавобгар бўлди.
Маълумки, юртимизда болаларнинг барча ҳуқуқлари қатори моддий таъминот олиш ҳуқуқи ҳам қонун билан кафолатланган. Хусусан, янги тахрирдаги Конституциямизнинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Аммо ҳаётда турли сабабларга кўра, оиланинг бузилиши натижасида алоҳида яшайдиган ота ёки онанинг бола таъминотида иштироки ўта долзарб муаммога айланади.
Шунинг учун амалдаги Оила кодексининг 96-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт экани қатъий белгилаб қўйилган.
Бу ҳаётда фарзанд тарбияси, унинг таъминоти ҳар бир ота-она зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифа саналади. Бироқ ҳаётда ана шундай масъулиятли вазифани ўз ихтиёри билан бажаришдан бош тортадиган ота-оналар ҳам учраб туради. Албатта, бундай вазиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кўрилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 19.12.2019 йилдаги қарорига асосан қарздор Ж.Адиловдан ундирувчи Н.Ражабова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва даромадининг ¼-қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлиб, ижро ҳаракатлари давомида бир неча маротаба огохлантирилишига қарамасдан бўйин товлаб келган.
Жумладан, муқаддам алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг 11.08.2022 йилдаги қарорига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилганидан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан 01.11.2021 йилдан 01.03.2023 йилгача 16 ой учун 12.086.462 сўм алимент пулларини тўламасдан фарзандини қасддан моддий таъминламаган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2023 йил 27 март куни Мажбурий ижро бюроси Зафаробод туман бўлими томонидан ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари ўтказилган. Натижада Ж.Адиловга нисбатан ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилган.
ЖИБ Зафаробод туман судининг 11.05.2023 йилдаги ҳукми билан ЖК.Адилов ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бюронинг Зафаробод туман бўлими давлат ижрочиси 3-даражали юрист А.Н.Холосов