МАЖБУРИЯТНИ УНУТГАН ОТА.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2016 йил март ойидаги суд буйруғига асосан Жўраев Ўрал (фамилия ва исми ўзгартирилган) вояга етмаган икки нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент тўлаши лозим бўлсада, фарзандлари учун алимент пулини тўлашдан бош тортиб келган.
Мазкур ижро иши юзасидан Мажбурий ижро бюроси Зафаробод туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Бироқ, қарздор ота ўзига тегишли хулоса чиқармасдан алимент тўлашдан бош тортиб келганлиги сабабли 2019 йил апрель ойида судни қарори билан унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Жўраев Ўрал маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққанидан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан алимент пулини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги сабабли жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судининг 2020 йил июнь ойидаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 9 ой муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган.
Минг афсуски, Жўраев Ўрал маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилганлигидан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун жами 21 миллион сўм алимент тўламаганлиги сабабли унга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман суди томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Қарздор ота вояга етмаган фарзанларининг онасига алимент пулларини тўлаш чорасини кўрмаганлиги ва мазкур қилмишни хавфли рецидивист томонидан содир этилганлиги сабабли унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси 2-қисми билан икки йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва у суд залидан қамоққа олинди.
Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг раиси
С.Низомов