Пенсиялар инфляция даражасидан келиб чиқиб ошириб борилиши мумкин
Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларига ўзгартишлар киритилмоқда.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ҳар йили давлат пенсиялари йиллик инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаш, яъни ошириб боришни назарда тутувчи ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда.
Пенсия таъминотини яхшилаш, пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияларни тўлаш муддатини икки баробарга, яъни 12 ойдан 24 ойгача узайтириш ҳам назарда тутилмоқда.
Бундай пенсионерлар йилига 820 нафарни ташкил этади. Уларга тўланмаган пенсия миқдори эса 15 миллиард сўм. Қонунчиликка кўра, пенсионерларга ҳисоблаб қўйилган, лекин улар томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия пуллари мурожаат қилинган вақтдан олдинги 12 ой учун тўлаб берилади. Пенсионерлар 12 ойдан кўп вақт мамлакат ҳудудида бўлмаганда уларга ўн учинчи ва ундан олдинги ойлар учун пенсия тўланмайди.
Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турларига киритилади.
“Ижара тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишларга кўра, ногиронлиги бўлган шахс, деб топилган ижарачи амалдаги ижара шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни давом эттириш истагини билдирган тақдирда шартноманинг амал қилиши тўхтатилмаслиги белгиланмоқда.
Зафаробод туман пенсия жамғармаси бўлими