Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ
Ҳозирги кунда баъзиларни яқин қариндошлар билан қуда-анда бўлишга интилиши кузатилмоқда. Бунинг сабаби қариндош- уруғчиликни янада мустаҳкамлаш ва мол- мулкни бегоналар қўлига ўтиб кетишидан муҳофазалаш деб кўрсатилмоқда. Лекин, тиббиёт олами олимлари яқин қариндошлар билан оила қуришнинг салбий оқибатлари кўплигини таъкидлашади. Унинг асосий сабаби турли ирсий касалликларнинг кучайиб кетишидир. Унинг олдини олиш катта аҳамиятга эга. Энг асосийси қон янгиланади. Зеро, олимларнинг таъкидлашича, яқин қариндошлар никоҳи туфайли саксонга яқин касалликлар келиб чиқиши мумкин экан. Америка генетиклари яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳда ирсий касалликлар ва туғма нуқсонлар қон бир бўлганлиги учун оила қурганда кескин даражада ошиб кетишини таъкидлашади. Бегоналар оила қурганида эса кучли ген кучсиз генни енгади. Яъни иммунитети кучли бўладиган бўлса, бошқа томонни ўша касаллигига қарши тура олади. Мутахассисларнинг айтишича, яқин қариндошларнинг никоҳи етти авлоддан кейин ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатиши мумкин экан. Шунинг учун АҚШнинг айрим штатларида яқин қариндошлар ўртасдаги никоҳ қонунан таъқиқланган. Шуни ҳам унутмаслик керакки, яқин қариндошлар орасидаги никоҳ риштаси туғилажак фарзандларнинг бўй ва вазн жиҳатидан пастлаб кетишига ҳам олиб келади. Шариатимизга кўра ака-ука ва опа-сингиллар ўзаро куда бўлишлари жоиз. Чунки, (“Нисо” сурасининг 23-оятида) уйланиш мумкин бўлмаган якин қариндошлар ҳақида батафсил баён қилинган бўлиб, унда амаки ва амманинг ҳизлари, тоға ва холанинг қизлари уйланиш мумкин бўлмаган қариндошларга кирмаган. “Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғидаги қизлари-агар у (хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилларни бир никоҳда жамламоғингиз ҳаром қилинди.Аввал ўтгани мустасно. Албатта, Аллоҳ Ғафурдир, Роҳиймдир. Қўлларингизда мулк қилиб олганларлан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди.) Бу сизларга Аллоҳнинг битганидир” (“Нисо” сураси 23-24-оятлар).
Шариат уларга уйланишни ман қилмаган. Аммо баъзи уламолар қариндошлар ўртасидаги никоҳни жоиз деб билсаларда, имкон кадар бегоналардан уйланишга тарғиб қилганлар. Буларнинг бошида Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу зикр қилинадилар. Ибн Ҳажар Аскалоний раҳимаҳуллоҳ “Ат-Талхисул-ҳабийр” номли китобларида келтиришича, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу фақат яҳин қариндошлари билан қуда-анда бўладиган Бани Соиб қабиласига қарата: “Нега сизлар жуда нимжон ва заифлашиб кетгансизлар? Бўлди энди, бундан кейин заифҳол бўлмаслигингиз учун никоҳда бегоналардан олинглар!”, -деганлар.
Бундан ташқари, Имом Абу Ҳомид Ғазолий раҳимаҳуллоҳ ҳариндошлар ўртасидаги никоҳда бегоналардан фарқли ўлароқ ийманиш, тортиниш ва ҳаё кучли бўлишини таъкидлаганлар. Бу эса ўртадаги муҳаббатга тўсиқ бўладиган нарсадир. Зеро, Қуръони каримнинг “Рум” сурасининг 21- оятида қуйидагича хабар берилади: “Унинг оятларидан (яна бири) -У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир”.
Зеро, Амир Темур бобомиз келин танлаш вазифасини давлат ишлари билан тенг қўйилганлиги таъкидлаб ўтганлар.
Юлдошев Отабек Темирович
Жиззах вилояти Арнасой туман
бош имом хатиби