Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-15-сонли Фармони мазмун-моҳияти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6243-сон Фармони билан бошланган ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилди.
Ушбу Фармонга кўра,
а) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали ўттиз йилга ижарага берилади, бунда бошланғич нарх ер участкасининг норматив қиймати миқдорида белгиланади;
б) ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича материалларни тайёрлаш, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар, очиқ электрон танлов учун белгиланган тартибда, электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказиш эса, аукцион савдоларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибига мувофиқ амалга оширилади;
в) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини уч йил муддатда ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
г) деҳқон хўжалиги, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби бўлган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган фуқароларга ер участкаси нархини беш йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
д) электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижара ҳуқуқини сотишдан тушган маблағлар ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда 10 фоизи - Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларга (2 фоиз - «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» МЧЖга, 3 фоиз - «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институтига, 5 фоиз - Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига), базавий ҳисоблаш миқдорининг бир ярим баравари миқдорида - ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органнинг ҳисобварағига, қолган маблағлар - тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига тақсимланади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат берилади.
Бунда, ижарага олувчи ер участкасидан камида уч йил давомида, ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда эса, камида беш йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши шарт, ушбу муддат ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ҳисобланиши;
юридик шахсларга электрон онлайн аукцион савдолари, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан давлат органларининг қарорлари билан тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб беш йилдан кейин йўл қўйилиши;
ижарага берувчи очиқ электрон танлов натижасига кўра ижара муддатига тенг тақсимланадиган қўшимча тўловларни ёки электрон онлайн аукцион савдолари натижаларига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган тўловларни бирйўла тўлаши шартлиги белгиланди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлар учун қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплаш бўйича тўловлар барча ҳолларда барча шахслардан тўлиқ ундирилиши белгиланди, бундан ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ҳоллар мустасно.
Фармонга мувофиқ гаровга қўювчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқлар гарови билан таъминланган мажбурияти бажарилмаган тақдирда, ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда, ижара ҳуқуқини ер ижараси шартномасининг қолган даврига электрон онлайн аукцион савдолари орқали реализация қилишга рухсат этилди.
Бунда, ер участкасига ижара ҳуқуқини электрон онлайн аукцион савдоларига чиқаришни ваколатли органлар билан келишиш (хулоса олиш) талаб этилмаслиги;
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, ижара ҳуқуқини электрон онлайн аукцион савдоларида реализация қилишдан тушган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланиши белгиланди.
Жиззах туманлараро маъмурий судининг раиси А.Ф.Уринов