Жалолиддин Румий ҳикматлари
Баъзан бизнинг масъумлигимизга фаришталар ҳавас қилади, баъзан эса жоҳиллигимиздан шайтон қочарга жой тополмай қолади…
Дунёга келганимизнинг асосий ғояси – Аллоҳни танимоқ, иймон келтирмоқдир.
************************************************
Неъматга шукр қилмоқ, ўша неъматдан кўра яхшироқдир. Шакур (Аллоҳнинг исми)ни севган инсон, ҳеч вақт шукрни ташлаб, неъмат томонига ўтиб олмайди.
***********************************************
Шукур қилмоқ, неъматнинг жонидир. Неъматнинг ўзи эса унинг териси, пўстидир. Чунки Дўстингнинг эшигига, сени фақатгина шукр олиб бориши мумкин.
Неъмат, инсонга хушёрликнинг зидди бўлган ғафлатни ҳам бериши мумкин. Шукр қилмоқлик эса, доимо ҳушёрлик (Аллоҳни ёдда тутиш)ни келтиради.
Сен ақлингни йиғгинда, шукур неъмати ила ҳақиқий неъматни овла!
****************************************************
Ваъдалар – кўзлар билан севадиганлар учундир.
Чунки қалби билан севадиганлар ҳеч қачон айрилмайдилар.
****************************************************
Инсон – денгиз каби. Ёлғизгина усти билинади, остида нималарни сақлайди, ичида қандай ғалаёнлар бўлаётганини сўзламайди. Фақатгина жимгина овозсиз оқиб туради…
*****************************************************
Агар одамлар қалбингни синдирган бўлса, хафа бўлма! Ахир, Раҳмон: "Мен синган юраклардаман", демадими?! Унда, нега ранжийсан, эй жон? Кундуз каби порлашни хоҳласанг, тун каби қоп-қора нафсингни ёқиб кул қил!
*****************************************************
Сен "дардим бор” дейсан. Ҳолбуки, дард инсонни Ҳаққа олиб борувчи Буроқдир, буни сен яхши биласан.
“Ғам-ташвиш фақат менда” деб ўйлама. Шуни билгинки, сендаги ғамни неъмат деб ҳисоблаганлар ҳам бор. Умидингни сўндирма, Юсуф алайҳиссаломни эсла!
Дард қаерда бўлса, даво ўша ерга кетади. Қашшоқлик қаерда бўлса, барака ўша ерга келади. Савол қаерда бўлса, жавоб ўша ерга берилади!
********************************************************
Ҳар нарсанинг сири «Сабр»дадир...
– Ачиққа сабр этарсан, номи «Матонат» бўлур...
– Очликка сабр этарсан, номи «Рўза» бўлур...
– Инсонларга сабр этарсан, номи «Сабр-тоқат» бўлур...
– Тилакларга сабр этарсан, номи «Дуо» бўлур...
– Туйғуларга сабр этарсан, номи «Кўз ёши» бўлур...
– Соғинчга сабр этарсан, номи «Ҳасрат» бўлур...
– Севгига сабр этарсан, номи «Ишқ» бўлур...
*********************************************
Тақдиримни мен танламадим. Роббимнинг ўзи икром этди, алҳамдулиллаҳ!
Яхшиман, десам ёлғон бўлади. Ёмонман, десам эътиқодимга зиён етади.
Энг яхшиси, тилим Унинг шукрида бардавом бўлсин. Балки шунда қалбим қутулиб қолар!
Дуоим аниқ, эшитадиган (Зот) аниқ, қолгани тақдири илоҳий.
******************************************************
Қўлга киритилган нарсанинг лаззати, қадри ўша нарсага етишмоқ учун тортилган йўл заҳмати билан ўлчанади. Чўлнинг чангини ютмаган, тил ва лаблари чўл қуёшида қуриб-қақшамаган замзамнинг лаззатини билмайди. Умр бўйи Каъба хаёлини қурмаган, Каъба қадрини ҳис этолмайди. У ҳолда аввал ёнгинки, сув сени қондирсин. Оч қолгинки, нон томоғингда бир лаззат бахш этсин. Соғингинки, топганингда ҳақиқатдан уни топган бўлгин...
Тўпловчи Жаҳонбек ҚАРШИЕВ, Жиззах вилояти