«Наврўз» байрами муносабати билан Зафаробод тумани ҳокими Эшпулатов Ғайратжон Эшпулатовичнинг байрам ТАБРИГИ
Ассалому-алайкум, азиз юртдошлар!
Тароватли кунларда табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрки, зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.
Туманимизнинг жонкуяр, фидойи, меҳнатсевар ҳамда меҳрибон халқини шарқ миллий байрами Наврўз айёми ва Рамазон ойи билан чин қалбимдан табриклайман.
Мана шундай файзли, шодиёна айёмда маҳаллаларда истиқомат қилаётган барча аҳолига юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларни изҳор этаман.
Азиз юртдошлар!
Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз ҳалқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир.
Асрлар давомида эл-юртимизнинг олий жаноб орзу интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди.
Биз ҳар йили Наврўз айёмини ўзгача орзиқиш ва интизорлик билан кутиб оламиз. Чунки Наврўз энг қадимий асл миллий байрам бўлиб, уни ардоқлаб нишонлашимизда ўзига хос чуқур маъно ва мазмун бор. Зеро, Наврўз ғояларида минг йиллар давомида сақланиб келаётган қадимий урф-одат ва анъаналари мужассамдир.
Қаҳратон қаҳрини синдириб, замин кўрпасини кўтариб чечакларнинг кулиб туриши, боғларда бодом ва ўрикларнинг гуллаши бунёд этилаётган Янги Ўзбекистонга янги кун-Наврўз кириб келаётганидан дарак бермоқда.
Наврўзи олам ўлкамизга қадам қўйиши билан тирик мавжудотнинг уйғониши, еру кўк бағрида юз берадиган ўзгаришлар, бир сўз билан айтганда, баҳор нафаси жисмимизга куч-қувват бахш этади. Ҳар биримизнинг қалбимизда, юрагимизнинг туб-тубида янги орзулар, улкан мақсадлар жўш уради.
Шу файзли лаҳзаларда барчамиз тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини яхши англаб, бугунги мураккаб, нотинч ва таҳликали дунёда ҳалқимиз ҳаётини, фарзандларимиз келажагини, мусаффо осмонимизни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз масъул ва жавобгар эканимизни яна бир бор чуқурроқ ҳис этишимиз лозим.
Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ва бугунги кунда сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлардан асосий мақсад Мухтарам юртбошимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович таъкидлаганларидек-инсон қадрини улуғлаш аҳолига муносиб турмуш кечиришлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиб бериш, одамларнинг бугунги ўтаётган кунларидан рози бўлиб, эртанги кунига ишонч билан қарашларига замин яратиш ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаларидан биридир.
“Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида барча Зафарободликлар ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллаларни янада обод қилиш учун бел боғлашган. Туманимиз аҳли Наврўз сайлини қўшалоқ байрам сифатида обод хонадон, обод кўча, обод маҳаллада нишонлаш учун шу бугунги кунларда ҳар қачонгидан эрта уйғонмоқда. Бу уйғониш одамларни, қалбларни бир мақсад, бир ниятда шу юртни обод қилиш йўлида бирлаштирмоқда.
Қадирли Зафарободликлар!
Инсон учун ўз меҳнатлари самарасини кўриш, одамларга қувонч улашиш-энг катта бахтдир. Бугунги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг келажакга бўлган ишончи, мустақил юрт фарзандларининг осуда ҳаёт кечиришлари ва туманимиз аҳолиси билан шоду-хуррамликда ўтказилаётган бугунги байрам тадбири бўлаётган майдонда эркин, ҳуқуқий, демократик давлатимиз байроғининг эркин ҳилпираб туриши Наврўз каби ҳаётимизга, кўнглимизга яна бир бор ёруғлик бахш этмоқда.
Мен шу фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг барча фаоллари номидан Сиз, азиз юртдошларимизни яна бир-бор Наврўзи олам билан чин қалбимдан қутлайман.
Табаррук отахон ва онахонларимизнинг умрлари узоқ бўлсин, ака-укаларимиз, опа-сингилларимизнинг кўнглидаги пок ниятлари ҳамиша ижобот бўлсин!
Хонадонларимиздан меҳр-оқибат, файзу барака аримасин! Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин.
Эътиборларингиз учун раҳмат!