ФОРИШ ТУМАНИДА ИККИ ШЕРИГИНИ ПИЧОҚЛАБ УМРИГА ЗОМИН БЎЛГАН ЧЎПОНГА УМРБОД ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ.
Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман суди томонидан очиқ суд мажлисида, Фориш тумани “Эгизбулоқ” МФЙ Кўктепа АХМ ҳудудидаги фермер хўжаликларининг бирида уч нафар чўпон ўртасида бошланган жанжал қотиллик билан тугаган жиноят иши кўриб чиқилди.
Чўпонлардан бири бўлган 1977 йилда туғилган М.Ғ. ушбу ҳудудда чўпонлик қилиб келаётган таниши 1977 йилда туғилган Х.Ж. ва 1973 йилда туғилган Х.Х. билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирганида ўрталарида жанжал келиб чиққан.
Оқибатда, М.Ғ. маст ҳолатда ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Х.Ж. ва Х.Х. ларнинг кўкрак қафасининг турли жойларига жуда кўплаб маротаба санчиб уриб, ҳаёти учун хавфли оғир тан жароҳатлари етказиб, уларни қасддан ўлдириб, воқеа жойидан қочиб яширинган.
Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлган, жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари ва гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланган.
Судланувчи М.Ғ. илгари 2001 йил ва 2007 йилда содир этган ўғирлик жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган, 2010 йилда гиёҳвандлик воситаларини сотганлиги учун 10 йил 3 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Суд, судланувчи М.Ғ. га нисбатан жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳамда жиноят натижасида икки нафар фуқаро қасддан ўлдирилиб, бирининг 4 нафар, иккинчисининг 5 нафар фарзандларининг боқувчиларини йўқотганлиги каби оғир оқибатларнинг келиб чиққанлигини, муқаддам бир неча маротаба оғир ва ўта оғир жиноятлари учун тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққанидан тегишли хулоса чиқармасдан, яна қасддан ўта оғир жиноят содир этганлигини, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, М.Ғ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
97-моддаси 2-қисми “а,в,ж” бандлари билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, ЖКнинг 34-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган ва жазоси махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг раиси С.Низомов