Телефонлар:
(0372) 472-24-20
(0372) 472-24-20
» » Озодликни чеклаш жазосини қўллаш.

Озодликни чеклаш жазосини қўллаш.

15 декабрь 2022 йил
122
0

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2015 йил 10 августдаги Қонуни билан Жиноят кодексида назарда тутилган жазо тизимига “Озодликни чеклаш” тариқасидаги жазо чораси киритилди.

Озодликни чеклаш – суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат бўлиб, фақат асосий жазо сифатида қўлланилади.

Озодликни чеклаш бир ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.  

Суд томонидан қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин:

– муайян жойларга бормаслик;

– оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;

– муайян фаолият билан шуғулланмаслик;

– муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;

– транспорт воситасини бошқармаслик;

– маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;

– муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;

– алоқа воситаларидан, шу жумладан интернетдан фойдаланмаслик;

– алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.

Суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек, унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.

Агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.

Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмайди.

Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ижро этиш маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан ёки суд белгилайдиган, маҳкумларнинг суд белгилаган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши устидан назоратни амалга оширадиган бошқа орган томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс суд томонидан белгиланган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши, шунингдек ўзининг жазони ўташи билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар бериш учун чақирув бўйича жазоларни ижро этиш инспекциясига бориши шарт.

Муайян вақтда яшаш жойидан кетишга, тегишли маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган маълум жойларга боришга ёхуд тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиш учун рухсатнома, шунингдек яшаш жойини ўзгартириш учун рухсатнома жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан берилади. Қарор тақиқларнинг (чеклашларнинг) хусусиятидан, маҳкумнинг шахсидан, унинг хулқ-атворидан, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигидан келиб чиқиб, алоҳида ҳолларда қабул қилинади.

Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг раиси С.Низомов

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар